[1] Аюб шундай деб жавоб берди:
[2] “Ҳа, сизлар ҳамманинг ўрнига гапирасизлар, тўғрими? Ўлсангиз, донолик ҳам сиз билан бирга ўлса керак–а?!
[3] Мен ҳам бир–иккита нарса биламан, Сизлар мендан устун эмассизлар. Сизлар айтаётганларни ким ҳам билмас экан?!
[4] Мен Худога илтижолар қиляпман. Унинг жавоб беришини кутяпман. Дўстларим эса устимдан кулаверадилар. Солиҳ ва айбсиз бўлсам ҳам, ҳаммага мазах бўлиб қолдим.
[5] Беташвиш юрганлар кулфатга такаббурлик билан қарайдилар. Фалокатни қоқилаётганларнинг тақдири деб биладилар.
[6] Ўғриларнинг чодирида ҳам тинчлик ҳукмрон, Худонинг ғазабини келтирадиганлар ҳам хавф–хатарсиз юрибди. Гўё улар «гаҳ» деса, Худо қўлига қўнади!
[7] Мана, ҳайвонлардан сўранглар, Улар сизларга ўргатадилар. Осмондаги қушлардан сўранглар, Улар сизларга айтиб берадилар.
[8] Ердан сўранглар, у сизларга йўл–йўриқ кўрсатади. Денгиздаги балиқлар сизларга тушунтирадилар.
[9] Мана шу жонзотларнинг орасида қайси бири Ҳаммасига Эгамиз сабабчи эканини билмайди?!
[10] Ҳар бир жониворнинг ҳаётию Инсонларнинг нафаси Унинг қўлидадир.
[11] Оғиз овқатнинг таъмини билади. Худди шундай қилиб, қулоқ ҳам эшитган сўзларини синаб кўриши керак–ку?!
[12] Ақл–идрок узоқ умр кўрган одамларда, Донолик кексаларда бўлади.
[13] Лекин ҳақиқий донолик ва қудрат Худодадир. Маслаҳат ва ақл–идрок Унга тегишлидир.
[14] Агар Худо ниманидир бузса, қайта қуриб бўлмайди, Агар У қамаб қўйса, ҳеч ким қочиб кета олмайди.
[15] Агар У ёмғирни ушлаб турса, ер чўлга айланади. Сувларни қўйиб юборса, ер юзини сув босади.
[16] Куч ва зафар Худога тегишли! Ёлғончию алданганлар ҳам Унинг қўлида!
[17] У маслаҳатчиларни қип–яланғоч қилиб қўяди, Ҳакамларни ҳам ақлдан оздиради.
[18] Худо шоҳларнинг ҳам тўнларини ечиб ташлайди. Уларни қул қилиб, белларига арқон боғлаб қўяди.
[19] Руҳонийларни ҳам қип–яланғоч қилиб қўяди, Мустаҳкам ўрнашганларни Худо ағдариб ташлайди.
[20] Ишончли маслаҳатчиларни тилдан қолдиради, Оқсоқолларни эса идрокидан маҳрум қилади.
[21] Шаҳзодаларнинг устидан шармандалик ёғдиради, Кучлиларнинг қурол–аслаҳаларини тортиб олади.
[22] Худо зулматнинг энг яширин жойларини очади, Тим қоронғиликларни ҳам ёритади.
[23] Халқларни юксалтиради–ю, яна Ўзи уларни ҳалокатга дучор қилади, Халқларни кўпайтиради–да, кейин уларни тарқатиб юборади.
[24] Ер юзидаги йўлбошчиларни ақл–заковатдан маҳрум қилади, Уларни сўқмоқсиз чўлларда саргардон қилиб қўяди.
[25] Нурсиз бир қоронғиликда улар пайпасланиб юрадилар. Худо уларни маст одамдай қилиб қўяди, Улар довдираб юрадиган бўлиб қоладилар.