[1] Кейин Темонлик Элифаз шундай деди:
[2] “Доно киши шундай беҳуда сўзлар билан жавоб бермаган бўларди! Оғзини қуруқ гаплар билан тўлдирмас эди!
[3] Бефойда сўзлар айтиб баҳслашмаган бўларди! Қуруқ гаплар айтмас эди!
[4] Сен Худодан қўрқмай қўйдинг! Тоат–ибодатга тўсқинлик қиляпсан.
[5] Гуноҳларинг сенга гап ўргатяпти, Худди айёрлардай гапиряпсан.
[6] Мен эмас, ўз оғзинг сени ҳукм қиляпти, Ўз лабларинг сенга қарши гувоҳлик беряпти.
[7] Нима, сен одамзоднинг тўнғичимисан?! Қирлар яратилмасдан олдин туғилганмисан?!
[8] Худонинг кенгашида қатнашганмисан?! Нима, фақатгина ўзингни доно деб биласанми?!
[9] Хўш, биз билмаган нимани биласан? Биз тушунмаганларни сен тушунасанми?
[10] Ҳа, оқсоқоллар, кексалар, Отангдан ҳам ёши улуғроқ бўлганлар биз томонда.
[11] Худонинг тасаллиси сенга камлик қиляптими?! Мулойимлик билан айтган сўзи сенга етмаяптими?!
[12] Нима учун юрагингнинг амрига қараб иш тутасан? Нима учун кўзларингни чақчайтирасан?
[13] Нима учун сен Худо билан тескарисан? Нимага оғзингдан шундай сўзлар чиқяпти?
[14] Инсон ўзи недирки, пок бўла олса?! Аёл зотидан туғилган инсон қандай қилиб солиҳ бўла олади?!
[15] Худо ҳатто Ўз фаришталарига ҳам ишонмайди, Ҳатто само ҳам Унинг назарида пок эмас.
[16] Шундай экан, қабиҳ ва бузуқ инсон қанчалик тубан, Ахир, инсон ёвузликни сувдай ичиб юборади–ку!
[17] Қулоқ сол, мен сенга тушунтираман, Кўрганимни айтиб бераман.
[18] Сенга донишмандларнинг гапларини айтаман. Улар аждодларидан ўрганиб, яширмасдан айтганларини сўзлаб бераман.
[19] Фақат ўша доно инсонларга юрт берилган эди, Уларнинг орасида бегоналар йўқ эди.
[20] Фосиқларнинг бутун умри азоб билан ўтади, Зўравонларга берилган барча йиллар саноқлидир.
[21] Даҳшатли товушлар қулоқларига тинчлик бермайди. Фаровонлик чоғида ҳам уларнинг устига босқинчи бостириб келади.
[22] Фосиқлар зулматдан қочиб қутулишга умид қилмайдилар, Уларнинг пешанасига қиличдан ўлиш ёзилган.
[23] Улар нон излаб дайдиб юрадилар, Зулмат куни яқинлигини биладилар.
[24] Қўрқув ва қайғу уларни даҳшатга солади, Урушга тайёрланаётган шоҳдай, ваҳимада яшайдилар.
[25] Улар қўлларини Худога қарши кўтаргани, Қодир Худога бўйсунмаганлари учун шундай бўлади.
[26] Мустаҳкам қалқонларини кўтариб, Ўжарлик билан Унга қарши чиқадилар.
[27] Чунки улар семириб, юзлари йилтираб кетган, Қорнию белларини ёғ боғлаб кетган.
[28] Улар вайрона шаҳарларда яшайдилар. Қулаб тушай деб турган, Ҳеч ким яшамайдиган уйларда турадилар.
[29] Улар бойлигича қолавермайдилар, бойликлари абадий эмас. Мол–дунёси ер юзидан йўқ бўлиб кетади.
[30] Улар зулматдан қочиб қутула олмайдилар. Ҳа, улар шохлари ёнган дарахтга ўхшайдилар. Худонинг нафаси уларни учириб юборади.
[31] Беҳуда нарсаларга умид боғлаб, ўзларини алдамасинлар, Уларнинг мукофоти ўша беҳуда нарсалар бўлади.
[32] Вақти–соати етмай туриб, улар тўлиқ жазо оладилар, Новдалари гуллаб–яшнамайди.
[33] Узумлари пишмай туриб узиб олинган токдай, Гуллари тўкилиб, мева тугмаган зайтун дарахтидай бўлиб қоладилар.
[34] Бетавфиқлар тўдаси бирор авлод қолдирмай ўтиб кетади, Порахўрларнинг чодирларини олов ёндириб юборади.
[35] Фосиқлар бузуқликка ҳомиладор бўлиб, ёвузлик туғадилар, Юракларида фақат ёлғон туғилади.”