[1] Қани, Аюб, ҳозир чақириб кўр–чи, Ким сенга жавоб берар экан? Қайси фаришта сенга ёрдамга келар экан?
[2] Ранж–алам нодонни ҳалок қилади, Ҳасад соддани ўлдиради.
[3] Нодонларнинг илдиз отиб, кўкарганини кўрдим, Бирданига уларнинг уйларини лаънатладим.
[4] Уларнинг фарзандлари хавфдан узоқ бўлмайди. Ҳукм пайтида уларни эзадилар, Лекин ҳеч ким уларни ҳимоя қилмайди.
[5] Нодонлар етиштирган ҳосилни оч қолганлар еб қўяди, Ҳатто тиканлар билан ўралганларини ҳам олиб қўяди. Нодонларнинг бойлигини чанқаганлар ютиб юборади.
[6] Ахир, қайғу ердан униб чиқмайди–ку, Ғам–ташвиш далада ўсмайди–ку!
[7] Алангадан учқун сакраб чиққани каби, Инсон ҳам ўзи учун муаммо келтириб чиқаради.
[8] Мен Худога интилган бўлар эдим, Ўз арзимни Худога айтган бўлардим.
[9] У шундай буюк ишлар қиладики, Уларга инсоннинг ақли етмайди. Худо кўрсатган мўъжизаларнинг сон–саноғи йўқ.
[10] У ер юзига ёмғир ёғдиради, Далаларни суғоради.
[11] Хор бўлганларни кўтаради, Қайғуга тўлганларни шодликка тўлдиради.
[12] У айёрларнинг режаларини пучга чиқаради, Шунда уларнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди.
[13] У доноларни ўзларининг айёрлиги орқали тутиб олади, Эгриларнинг ниятларини пучга чиқаради.
[14] Кундуз куни ҳам улар зулматда қолишади, Ёп–ёруғ кунда ҳам пайпасланиб юришади.
[15] Лекин Худо фақирларни эгриларнинг аччиқ сўзларидан, Золимларнинг чангалидан қутқаради.
[16] Шу боис камбағалларнинг умиди бор, Ноҳақликнинг эса оғзи ёпилади.
[17] Худонинг панд–насиҳатини олганлар қандай бахтлидир, Шунинг учун Қодир Худонинг танбеҳини рад қилмагин.
[18] Худо яралайди, аммо Ўзи боғлаб қўяди. Худо уради, лекин яна Ўзи шифо беради.
[19] У сени олти ғам–ташвишдан қутқаради, Ҳа, етти қайғу–алам сенга яқинлашмайди.
[20] Қурғоқчилик пайтида Худо сени ўлимдан, Уруш пайтида эса қиличдан сақлайди.
[21] Худо сени заҳарли тиллардан ҳимоя қилади, Ҳалокат келганда сен қўрқувга тушиб қолмайсан.
[22] Вайронаю қурғоқчилик устидан куладиган бўласан, Ер юзидаги ёввойи ҳайвонлардан қўрқмайдиган бўласан.
[23] Ер ҳайдаганингда далангда тошлар бўлмайди, Ёввойи ҳайвонлар сенга ҳужум қилмайди.
[24] Уйинг бехатар эканлигини биласан, Подаларингни текширганингда ҳаммаси ўз жойида бўлади.
[25] Фарзандларинг кўп бўлади, Авлодинг даладаги майсадай кўпаяди.
[26] Сен бевақт қабрга кирмайсан, Ўз вақтида йиғилган буғдой донидай бўласан.
[27] Буларнинг ҳаммаси тўғри, Ўз тажрибамиздан биламиз. Энди насиҳатларимизга қулоқ сол, Уларни қабул қил.”