[1] Элиху гапини давом эттириб, шундай деди:
[2] “Эй Аюб: «Худонинг олдида айбсизман», — деб айтишингиз нотўғри.
[3] Сиз Худога: «Гуноҳсизлигим Менга яхшилик келтириши керак эди–ку! Аммо мен ёмонлик кўрдим!» — деб айтишингиз ҳам тўғри эмас.
[4] Сиз ва дўстларингиз гапимни эшитинглар.
[5] Осмонга қараб кўринглар, Сизлардан анча тепада бўлган булутларга қаранглар.
[6] Итоатсизлик қилсангиз, Худога нима зарар? Гуноҳларингиз кўпайса, Худога нима?
[7] Борди–ю, солиҳ бўлсангиз, Унга нима қилиб берардингиз? У сизнинг қўлингиздан бирор нарса олишга зорми?
[8] Фосиқлигингиздан фақат инсонлар қийналади. Солиҳлигингиз ҳам фақатгина инсонларга мадад беради.
[9] Зулм ҳаддан ташқари кўп бўлгани учун одамлар фарёд қилади. Зўравонларнинг қўлидан қутқаринглар, деб ёрдам сўрайди.
[10] Аммо ҳеч ким Яратувчига ёлвормайди. Тунлари умид берадиган Худога илтижо қилмайди.
[11] У эса ер юзидаги жониворларга қараганда бизга кўпроқ билим берган–ку! Бизни осмондаги қушлардан ақллироқ қилган–ку!
[12] Зулм остида қолган инсонлар фарёд қилишса ҳам, Худо жавоб бермайди. Ахир, уларнинг ўзлари такаббур ва фосиқдир.
[13] Худо бундай инсонларнинг пуч сўзларига умуман қулоқ солмайди, Қодир Худо уларга эътибор бермайди.
[14] Эй Аюб! Сиз: «Худони кўрмаяпман», дейсиз. Даъвоингизни Унга келтирдингиз, энди сабр қилинг!
[15] Сиз: «Худо ғазабини сочмаяпти, Фосиқликка заррача эътибор бермаяпти», деб ўйлайсиз.
[16] Шундай қилиб, Аюб бемаъни гапларни гапиряпти. Ҳеч нима билмай туриб, гапни кўпайтиряпти.”