Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 3:42

[1] Шоҳ Лемулнинг сўзлари. Бу сўзларни унга онаси ўргатган:

[2] “Ўғлим, нима десам экан? Нима дейин, эй жигарбандим? Худодан тилаб олган ўғлим, сенга не айтай?

[3] Қувватингни хотинларга берма, шоҳни бузадиганларга ҳаётингни сарф қилма.

[4] Эй Лемул, шоҳлар учун эмас шароб, май амалдорлар учун эмас!

[5] Улар ичиб қонунни унутади, эзилган халқни ҳукм этишда эгрилик қилади.

[6] Майни ҳалок бўлаётганга, шаробни қайғу чекканга бергин.

[7] Улар ичиб камбағаллигини унутсин, фалокатларини эсламасин.

[8] Оғзингни гунг учун очгин, бошига кулфат тушганларнинг тарафини олгин.

[9] Гапир, адолат билан ҳукм қил, бечора ва камбағалларни ҳимоя қил.”

[10] Фаросатли хотинни ким топа олади? Унинг баҳоси гавҳардан ҳам баланд.

[11] Эри унга юракдан ишонади, ҳеч нарсага муҳтож бўлмайди.

[12] У эрига ёмонлик эмас, бир умр яхшилик қилади.

[13] Жун ва сурп топади, хурсанд бўлиб ўз қўли билан ишлайди.

[14] Савдо кемалари каби узоқдан нонини келтиради.

[15] Қоронғида ўрнидан туриб, уй аҳлини овқатлантиради, хизматкорларига топшириқ беради.

[16] Ният қилиб, дала сотиб олади, ўз қўли билан узумзор яратади.

[17] Белини маҳкам боғлаб, қўлларига қувват беради.

[18] Қилган ишининг роҳатини кўради, тунлари ҳам чироғи ўчмайди.

[19] Қўлини чархга қўяди, бармоқлари ип йигиради.

[20] Камбағалларга қўлини узатади, муҳтожларга раҳм қилади.

[21] Уй аҳли учун қиш–қировдан қўрқмайди, чунки улар ҳаммаси қалин кийинтирилган.

[22] Ўзи учун сўзана тикади, либоси кимхоб ва шойидандир.

[23] Эри юрт оқсоқоллари орасида ўтиради, шаҳар дарвозасида танилган.

[24] Яна шойидан кийим тикиб сотади, савдогарларга белбоғ етказиб беради.

[25] Либоси — қувват, шараф, у келажакка қараб қувонади.

[26] Донолик билан сўзлайди, меҳр билан насиҳат қилади.

[27] Уй аҳлига яхши қарайди, дангасалик қилмайди.

[28] Болалари туриб уни дуо қилади, эри ҳам мақтайди:

[29] “Фаросатли аёллар кўп, аммо сен ҳаммасидан аълосан.”

[30] Жозиба алдамчи, чирой эса ўткинчидир, аммо Эгамиздан қўрқадиган аёл кўкка кўтарилади.

[31] Меҳнатининг мевасини кўрсин, ишлари дарвозаларда уни шарафласин.

Сулаймон пайғамбарнинг ҳикматлари — Chapters