[1] Ўғлим, сўзларимни унутма, амрларимни юрагингда сақла.
[2] Улар умрингга умр қўшади, ҳаётинг тинч бўлади.
[3] Севги ва садоқатни асло тарк этма. Бўйнингга маржон қилиб тақиб ол, юрагинг қаърига ёзиб қўй.
[4] Шунда Худонинг ҳам, одамларнинг ҳам меҳрини қозонасан, улардан иззат–ҳурмат топасан.
[5] Ўз ақл–идрокингга суянма, бутун қалбинг билан Эгамизга ишон.
[6] Ҳар ишингда Эгамизни эътироф эт, шунда У йўлларингни тўғрилайди.
[7] Ўзингни доно ҳисоблама. Эгамиздан қўрқ. Ёмонликдан юз ўгиргин.
[8] Шундай қилсанг жисминг соғ, жонинг ҳам омон бўлади.
[9] Ўз бойлигинг, биринчи ҳосилинг билан Эгамизни улуғла.
[10] Шунда омборинг тўлиб–тошади, янги шаробинг етиб ортади.
[11] Ўғлим, Эгамизнинг тарбиясини рад қилмагин, Унинг танбеҳидан руҳинг тушмасин.
[12] Ота яхши кўрган фарзандини жазолагандек, Эгамиз ҳам яхши кўрган бандасини жазолайди.
[13] Доноликка эришган, ақл–идрок топган қандай бахтлидир!
[14] Чунки унинг баҳоси кумушдан, фойдаси олтиндан ҳам афзалроқдир.
[15] У жавоҳирлардан ҳам азиздир, сен тилаган бирор нарса Унга тенг келмайди.
[16] Унинг ўнг қўлида узоқ умр, чап қўлида эса бойлик ва шон–шуҳрат бор.
[17] Йўли — шодлик йўли, барча сўқмоқлари тинчдир.
[18] Доноликни қучганлар учун у ҳаёт дарахти кабидир, уни маҳкам тутганлар бахтлидир.
[19] Эгамиз донолик билан ерни яратди, ақл–идроки билан осмонни ўз ўрнига жойлаштирди.
[20] Унинг ақли билан чуқурликлар бўлинган, булутлардан шудринг тушган.
[21] Ўғлим, донолик ва фаҳм–фаросатни маҳкам ушла, назарингдан қочирмагин.
[22] Ўшанда улар жонингга ҳаёт бахш этади, бўйнингга безакдай бўлади.
[23] Йўлингда эсон–омон юрасан, оёғинг қоқилмайди.
[24] Бехавотир ётасан, уйқунг ширин бўлади.
[25] Бехосдан келадиган офатдан қўрқма. Ёвуз одам ҳужум қилганда ҳам қўрқма.
[26] Чунки Эгамиз ёнингда бўлади, сени қоқилишдан асрайди.
[27] Яхшилик қилиш қўлингдан келса, муҳтожлардан ёрдамингни аяма.
[28] Ўзингда бор бўлса, қўшнингга “кечроқ кел”, “эртага бераман”, деб айтма.
[29] Сенга ишониб, ёнингда тинчгина яшаётган қўшнингга қарши ёмон ният қилма.
[30] Сенга ёмонлик қилмаган одам билан сабабсиз уришма.
[31] Зўравонга ҳасад қилма, у қиладиган ишларни қилма.
[32] Чунки Эгамизга ёвузлар жирканчдир, У тўғри одамга ҳамроҳ бўлади.
[33] Фосиқнинг уйи Эгамизнинг лаънатига, солиҳнинг уйи эса қут–баракага тўлади.
[34] У мазах қилувчиларни мазах қилади, камтарларга эса иноят кўрсатади.
[35] Донолар шон–шуҳратга эришадилар, нодонлар эса шармандаликка дучор бўладилар.