[1] Ақлсизга иззат–ҳурмат кўрсатиш ёзда ёққан қор, йиғим–терим пайтидаги ёмғир кабидир.
[2] Қушлар бекорга осмонга кўтарилмагандай, сабабсиз лаънат ҳам одамга тегмайди.
[3] Отга — қамчи, эшакка — сувлуқ, ақлсизнинг орқасига эса — таёқ.
[4] Нодоннинг нодон саволларига жавоб берма, бўлмаса сен ҳам унга ўхшаб қоласан.
[5] Нодоннинг гаплари бемаънилигини ошкор қил, тағин ўзича доно бўлиб кетмасин.
[6] Ақлсиз орқали хабар юборган одам оёғини кесиб ташлагандай азоб чекади.
[7] Аҳмоқнинг оғзидаги матал чўлоқ оёқдайдир.
[8] Ақлсизга иззат–ҳурмат кўрсатиш палахмонга тош боғлаб қўйиш кабидир.
[9] Нодоннинг тилидаги матал мастнинг қўлидаги тикандайдир.
[10] Аҳмоқни ва йўлдан ўтган ҳар бир мастни ёллаган одам дуч келганни отадиган камонкашга ўхшайди.
[11] Ўз қусуғига қайтиб келадиган ит каби, нодон ҳам ўз ақлсизлигини такрорлайди.
[12] Ўзини доно деб ўйлаганни кўрганмисан? Ундан кўра, ақлсиздан умид кўпроқ.
[13] Дангаса: “Кўчада шер бор, у очиқ майдонда юрибди”, — дейди.
[14] Эшик ўз ўқида айланади, танбал эса ўз тўшагида.
[15] Дангаса қўлини косага чўзади–ю, оғзига олиб келишга эринади.
[16] Танбал ўз назарида фаросат билан гапирадиган етти кишидан ҳам донороқ.
[17] Бошқаларнинг жанжалига аралашган дайди итнинг қулоғидан чўзгандайдир.
[18] Телба ўт, найза ва ўлим ёғдиради.
[19] Бировни алдаб: “Фақат ҳазиллашган эдим” деган ҳам шундайдир.
[20] Ўтин бўлмаса, ўт ўчиб қолади, чақимчи бўлмаса, жанжал тўхтайди.
[21] Кўмир — чўғ учун, ўтин — олов учун, уришқоқ эса жанжал чиқариш учундир.
[22] Ғийбатчининг сўзи ширин овқат кабидир, одамнинг бутун аъзойи баданига сингиб кетади.
[23] Ширин сўзли нияти ёмон одам кумуш суви юритилган сопол идиш кабидир.
[24] Душман тилида бошқача сўзлайди, дилида эса алдашни ният қилади.
[25] У юмшоқ сўзлаганда ишонма, чунки юраги қабиҳликка тўла.
[26] Нафрат ёлғон билан яширилган бўлса ҳам, ёмонлиги эл–юртга ошкор бўлади.
[27] Бировга чуқур қазиганнинг ўзи унга тушади, тош думалатганга эса ўша тош қайтади.
[28] Ёлғончи тил ўзи яралаган одамни ёмон кўради, хушомадгўй ҳалокат келтиради.