Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:40

[1] Исроил шоҳи Довуд ўғли Сулаймоннинг ҳикматлари.

[2] Бу ҳикматлар донолик ва насиҳатни ўргатади, ҳикматли сўзларни тушунтиради,

[3] ақлли кўрсатмаларни, тўғрилик, адолат ва одилликни ато қилади,

[4] соддаларга идрок, ёшларга билим, фаҳму фаросат беради.

[5] Донолар тинглаб билимини кўпайтирсин, идроклилар йўл–йўриқ олсин.

[6] Бу ҳикматлар — маталларни, жумбоқларни, дононинг сўзларини ва топишмоқларини тушуниш учундир.

[7] Эгамиздан қўрқиш илму маърифатнинг бошидир. Донолик ва насиҳатдан нафратланган эса нодондир.

[8] Ўғлим, отанг насиҳатларига қулоқ сол, онанг ўгитларини рад этма,

[9] чунки улар бошингга гўзал гулчамбар, бўйнингга маржондайдир.

[10] Ўғлим, агар гуноҳкорлар сени йўлдан урмоқчи бўлса, бўйин берма.

[11] Агар улар: “Кел, бизга қўшил, пистирма қўйиб қон тўкайлик, айбсизнинг йўлини важсиз тўсайлик,

[12] дўзахга ўхшаб уни тириклайин ўз қаъримизга тортайлик, чуқур каби бутунлайин ютиб юборайлик,

[13] ҳар хил бойликларни тортиб олиб, уйимизни ўлжа билан тўлдирайлик,

[14] ҳамма нарса ўртада бўлсин, ҳамёнимиз битта бўлсин”, деб айтсалар,

[15] ўғлим, уларга ҳамроҳ бўлма, йўлига бир қадам ҳам босма.

[16] Чунки улар қон тўкишга тайёрдирлар, оёқлари ёвузликка шошилади.

[17] Қушни тўр билан тутиб бўлмайди, тўрни кўрган қуш пир этиб учиб кетади.

[18] Ёвузлар эса ўз қисматини кўра олмайдилар, бошқаларнинг жонини пойлайман деб, ўз жонига зомин бўлганини билмайдилар.

[19] Очкўзлик билан тортиб оладиганларнинг аҳволи шу! Улар ўз ҳаётига зомин бўлади.

[20] Донолик кўчада чақиради. Майдонда баланд овоз билан ҳайқиради.

[21] Гавжум кўчанинг бошида, шаҳар дарвозаларида жар солади.

[22] “Эй нодонлар, қачонгача нодон бўлиб юраверасиз?! Сиз–чи, мазах қилувчилар, қачонгача мазах қилишдан завқланасиз?! Ақлсизлар, қачонгача илм–маърифатдан нафратланасиз?!

[23] Панд–насиҳатларимга қулоқ солинглар. Мана, сизларга руҳимни бераман. Сўзларимни очаман.

[24] Лекин сизларни чақирганимда рад этдингиз, қўлларимни узатганимда, эътибор бермадингиз.

[25] Маслаҳат, панд–насиҳатларимнинг ҳеч бирини қабул қилмадингиз.

[26] Шунинг учун бошингизга фалокат келганда, мен ҳам куламан. Ваҳимага тушганингизда, мазах қиламан.

[27] Ваҳима бўрондай, фалокат эса тўфондай келганда, кулфату машаққатлар бошга тушганда,

[28] улар мени чақирадилар, лекин жавоб бермайман. Улар мени қидирадилар, излайдилар, лекин тополмайдилар.

[29] Чунки улар илм–маърифатдан нафратландилар, Эгамиздан қўрқишни рад этдилар.

[30] Маслаҳатларимни, ўгитларимни қабул қилмадилар.

[31] Шунинг учун ўз қилмишларининг мевасини еб, пушаймон бўлиб қоладилар.

[32] Нодонлар йўлдан адашиб ўз жонига ўзлари зомин бўлади, ақлсизларнинг беғамлиги ўзларини ҳалок қилади.

[33] Лекин менга қулоқ солганлар осойишта ҳаёт кечиради, ёмонликнинг ваҳимасидан халос бўлади.”

Сулаймон пайғамбарнинг ҳикматлари — Chapters