Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:33

[1] Шароб — мазахчи, ароқ — жанжалкаш, уларга алданганлар нодондир.

[2] Шоҳнинг ғазаби — шернинг ўкиришидай, унинг жаҳлини чиқарган жонидан маҳрум бўлади.

[3] Жанжалдан ўзини тортиш — инсоннинг ҳурмати, аҳмоқ эса жанжалга аралашади.

[4] Дангаса кузда ер ҳайдамайди, ўрим пайти эса қидириб ҳеч нарса тополмайди.

[5] Инсоннинг фикрлари — чуқур сув кабидир, фаҳмли одам уларни ташқарига чиқара олади.

[6] Кўпчилик ўзини содиқ деб айтади, ҳақиқатан ҳам садоқатли бўлганни топиб кўр–чи!

[7] Солиҳ ҳалол яшайди, унинг болалари нақадар бахтлидир!

[8] Ҳукмронлик қилаётган шоҳ ўз кўзи билан барча ёмонликларни ажратади.

[9] “Қалбимни тозаладим, гуноҳимдан холиман”, деб ким айта олади?!

[10] Икки турли тарози тоши ва нотўғри ўлчов — иккови ҳам Эгамизга жирканчдир.

[11] Ҳатто ёш болани ҳам хулқидан, тўғрилигини ва поклигини ишларидан билса бўлади.

[12] Эшитадиган қулоқ, кўрадиган кўз — икковини ҳам Эгамиз яратган.

[13] Уйқуни яхши кўрма, бўлмаса камбағал бўласан, кўзларингни оч, қорнинг тўяди.

[14] Харидор: “Яхши эмас, яхши эмас!” дейди–ю, нарироққа бориб мақтанади.

[15] Олтин бор, ёқут тошлар ҳам кўп, бироқ энг қимматбаҳо нарса — билимли тил.

[16] Бегонага кафиллик қилганнинг тўнини ечиб ол, ҳа, бундай ақлсиз одамдан кийимини гаров қилиб ол.

[17] Ноҳақлик билан топилган нон ширин, аммо кейин оғиз тупроқ билан тўлади.

[18] Маслаҳат билан режа туз, ақлли йўл–йўриқ билан уруш олиб бор.

[19] Чақимчи сирларни очади, оғзи бўш одам билан алоқада бўлма.

[20] Ким ота–онасини лаънатласа, унинг чироғи зулматда ўчиб қолади.

[21] Бошида шошилиб олинган мерос оқибатда барака келтирмайди.

[22] Ёвузлик учун қасос оламан демагин, Эгамизга умид боғлаб кутгин, У сени қутқаради.

[23] Икки хил тарози тоши Эгамизга жирканчдир, ёлғон тарози ҳам яхши эмас.

[24] Инсоннинг қадами — Эгамиздан, шундай экан, у ўз йўлини қандай тушунсин?!

[25] Ўйламасдан Худога ваъда берган киши, аҳд қилгандан кейин иккиланган одам тузоқдадир.

[26] Доно шоҳ ёвузларни ажратиб, уларнинг устидан тегирмон тоши юргизади.

[27] Одамнинг руҳи — Эгамизнинг чироғи, вужуднинг барча чуқурликларини текшириб туради.

[28] Севги ва садоқат шоҳни асрайди, ўша иноят туфайли унинг тахти мустаҳкамдир.

[29] Қувват йигит кишининг ғуруридир, оқарган сочлар эса кексанинг шуҳратидир.

[30] Қамчининг жароҳати ёмонликка даводир, калтак зарби вужуднинг энг чуқур жойларини тозалайди.

Сулаймон пайғамбарнинг ҳикматлари — Chapters