[1] Танбеҳ олса ҳам ўжарлигича қоладиган одам бирданига ҳалокатга учрайди, шифо топмайди.
[2] Солиҳлар кўпайганда халқ севинади, фосиқ ҳукмрон бўлганда эса фиғон чекади.
[3] Доноликни севган ўғил отасини севинтиради, фоҳиша билан алоқада бўлган мол–мулкини совуради.
[4] Шоҳ юртни адолат билан мустаҳкамлайди, совғани севадиган эса хароб қилади.
[5] Дўстига хушомад қилган одам ўз оёқларига тузоқ қўйгандай бўлади.
[6] Фосиқнинг гуноҳи қопқон, солиҳ эса қўшиқ айтиб қувонади.
[7] Солиҳ ожизнинг ҳақ–ҳуқуқини билади, фосиқда эса бундай тушунча ҳам йўқ.
[8] Мазах қилувчилар шаҳарда тўполон қилади, донолар эса ғазабни тинчлантиради.
[9] Доно аҳмоқни судлашгани маҳкамага олиб борса, аҳмоқ жанжал қилади, ҳақоратлайди. Доно эса ҳаловатга эришмайди.
[10] Қонхўр одам покдил инсондан нафратланади, тўғрининг жонини олмоқчи бўлади.
[11] Нодон бор жаҳлини тўкиб солади, доно эса ичида сақлайди.
[12] Ҳукмдор ёлғонга қулоқ солса, барча хизматкорлари фосиқ бўлади.
[13] Золим билан ожизнинг бир ўхшашлиги бор: икковига ҳам Эгамиз кўз нури берган.
[14] Шоҳ камбағални адолат билан ҳукм қилса, унинг тахти абадий мустаҳкам туради.
[15] Қамчи ва насиҳат ақл киритади, ўз ҳолига ташлаб қўйилган бола эса онасига уят келтиради.
[16] Фосиқ кўпайганда гуноҳ ҳам кўпаяди, солиҳ эса фосиқнинг ҳалокатини кўради.
[17] Фарзандингга тарбия бер: у сенга ором келтиради, қалбингни шодликка тўлдиради.
[18] Ваҳий бўлмаса эл–юрт йўлдан озади, Худонинг қонунига амал қилган бахтлидир!
[19] Қул фақат сўз билан тарбияланмайди, сўзни тушунса ҳам амал қилмайди.
[20] Ўйламай гапирадиганни кўрганмисан?! Ундан кўра, нодондан умид кўпроқ.
[21] Қулни ёшлигидан эркалатиб ўстирса, оқибатда хўжайинига қайғу бўлади.
[22] Сержаҳл одам жанжал чиқаради, серзарда кўп гуноҳ қилади.
[23] Одамнинг мағрурлиги уни паст қилади, камтарин эса иззат–ҳурмат топади.
[24] Ўғрига шерик бўлган ўз жонини ёмон кўради, у танбеҳ эшитса ҳам чурқ этмайди.
[25] Одамдан қўрқиш тузоққа илинтиради, Эгамизга умид боғлаган эса хавф–хатардан холи бўлади.
[26] Ҳукмдор марҳаматини қидирган кўп, лекин инсонни ҳукм қиладиган Эгамиздир.
[27] Фосиқ солиҳга жирканч, тўғри юрадиган эса фосиққа жирканчдир.