Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 3:14

[1] Ўғилларим, отангизнинг панд–насиҳатларига қулоқ солинглар, эътибор бериб фаросатли бўлинглар.

[2] Сизларга яхши сабоқ бераман, сўзларимдан юз ўгирманглар.

[3] Мен ота–онамнинг ёлғиз, ёш ўғли эдим.

[4] Болалигимда отам менга шундай дерди: “Сўзларимни юрагингга жо қилиб, амрларимни бажаргин, шунда яшайсан.

[5] Доно бўл, идрокли бўл, уларни унутма, сўзларимдан чиқма.

[6] Доноликдан юз ўгирма, сени ҳимоя қилади, уни севгин, сени асрайди.

[7] Доноликнинг боши шудир, доно бўл, бор–йўғингни бериб бўлса ҳам, идрок ол.

[8] Уни ҳурмат қил, сени кўкка кўтаради. Уни қучгин, сени шон–шуҳратга эриштиради.

[9] Бошингга илтифот гулчамбари, шуҳрат тожини кийдиради.”

[10] Ўғлим, айтганларимга қулоқ солиб қабул қил, шунда умринг узоқ бўлади.

[11] Сенга донолик йўлларини ўргатдим, тўғри йўлдан олиб юрдим.

[12] Юрганингда тўсиққа учрамайсан, югурганингда қоқилмайсан.

[13] Йўл–йўриқларимни қаттиқ ушла, қўйиб юборма, уларни қўриқла, чунки улар ҳаётингдир.

[14] Фосиқнинг сўқмоқларига оёқ босма, ёвузлар йўлидан юрма.

[15] Ҳатто назар солма, ёнидан ҳам ўтма, қайрилиб узоқдан юргин.

[16] Чунки улар ёмонлик қилмасдан ухлай олмайди, бирортасига зарар келтирмагунча уйқулари келмайди.

[17] Улар фосиқлик нонини ейди, зўравонлик шаробини ичади.

[18] Солиҳнинг йўли тонгга ўхшайди, кун чиққунча тонг ёришаверади.

[19] Фосиқнинг йўли эса зулмат кабидир, нимага қоқилиб кетишини билмайди.

[20] Ўғлим, сўзларимни эшит, айтганларимга қулоқ сол.

[21] Уларни кўз олдингдан қочирма, юрагингнинг қаърида сақлагин.

[22] Чунки уларни топганларга ҳаёт, бутун тан–жонига малҳам бўлади.

[23] Бор кучинг билан қалбингни асра, чунки у ҳаёт булоғидир.

[24] Оғзингдан эгриликни, тилингдан айёрликни олиб ташла.

[25] Кўзларинг тўғрига қарасин, нигоҳинг олдингга қаратилган бўлсин.

[26] Тўғри йўлни танлаб юр, қадамингни ўйлаб бос.

[27] Ўнгга ҳам, чапга ҳам оғма, ёвузликдан узоқлаш.

Сулаймон пайғамбарнинг ҳикматлари — Chapters