[1] Шоҳнинг юраги Эгамизнинг қўлида, уни ирмоқдай хоҳлаган томонга буради.
[2] Одамнинг қилмишлари ўзининг назарида тўғри, аммо Эгамиз юракларни синайди.
[3] Адолату ҳақиқатга амал қилиш Эгамизга қурбонликдан афзалроқдир.
[4] Такаббур кўзлар ва мағрур юрак чироқ каби фосиқнинг гуноҳини кўрсатади.
[5] Меҳнаткашнинг режаси фақат мўл–кўлчилик келтиради, шошқалоқ камбағалликка дучор бўлади.
[6] Ёлғон билан бойлик топадиганлар чиқиб кетадиган буғ кабидир, улар ўз ўлимини излайди.
[7] Ёвузнинг зўравонлиги ўз бошига етади, чунки у адолат билан иш қилишни рад этади.
[8] Гуноҳкорнинг йўли — эгри, софдилнинг иши — тўғри.
[9] Уришқоқ хотин билан кенг уйда яшагандан кўра, лой томнинг бир четида яшаган яхшироқ.
[10] Ёвузнинг кўнгли ёмонликка ташна, қўшниси ундан раҳм–шафқат топмайди.
[11] Мазах қилувчи жазоланса, содда одамлар доно бўлади, донога йўл–йўриқ берилса, билими ошади.
[12] Худо одилдир, фосиқнинг уйини У кузатиб туради, фосиқни ҳалокатга мубтало қилади.
[13] Камбағалнинг фарёдига ким қулоқ солмаса, ўзи фарёд қилганда ҳам ҳеч ким жавоб бермайди.
[14] Яширинча берилган совға жаҳлни юмшатади, енг ичидаги пора ғазабдан туширади.
[15] Адолатга амал қилиш солиҳларга севинч, фосиқларга эса қўрқинчдир.
[16] Ақл–идрок йўлидан чиққанлар ўликлар орасидадир.
[17] Зиёфатни севган қашшоқлашади, шароб билан мойни яхши кўрган одам бой бўлмайди.
[18] Солиҳга аталган ёвузлик фосиқнинг бошига тушади, тўғри одамнинг ўрнига хоин ҳалокатга учрайди.
[19] Уришқоқ ва баджаҳл хотин билан яшагандан кўра, чўлу биёбонда яшаш яхшироқ.
[20] Дононинг уйида ёғ ҳам, энг яхши нарсалар ҳам бор, ақлсиз эса уни сарфлаб юборади.
[21] Тўғрилик ва садоқат пайида бўлганлар узоқ умр, солиҳлик ва шон–шуҳратга эришади.
[22] Доно энг қудратли шаҳарга бориб, таянч бўлган қалъани ҳам вайрон қилади.
[23] Оғзини ва тилини қўриқлаган ўз жонини ташвишлардан асрайди.
[24] Такаббур ва мағрурнинг номи “мазахчи”, ҳамма нарсани манманлик билан қилади.
[25] Дангасанинг орзуси ўлимга олиб келади, чунки қўллари ишга бормайди.
[26] Дангасанинг куни баднафслик билан ўтади, солиҳ эса аямасдан беради.
[27] Фосиқларнинг қурбонлиги жирканчдир, ёвуз ният билан келтирилгани эса ундан ҳам баттар.
[28] Сохта гувоҳ йўқ бўлади, ҳақиқатга қулоқ солган эса қолади.
[29] Фосиқнинг юзи қаттиқ, солиҳ эса ўз йўлини билади.
[30] Эгамизга қарши донолик ҳам, идрок ҳам, режа ҳам йўқ.
[31] От жанг куни учун тайёрланади, ғалаба эса Эгамизнинг қўлида.