Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:12

[1] Қуйидагилар ҳам Сулаймоннинг ҳикматларидир. Бу ҳикматлар Яҳудо шоҳи Ҳизқиёнинг одамлари томонидан ёзиб олинган.

[2] Ишларни сирли қилиш — Худонинг шуҳрати, ишларни текшириб билиш эса шоҳ шарафидир.

[3] Осмон баланд, денгиз чуқур, шоҳнинг юраги ҳам шундай, уни тушуниш қийин.

[4] Кумушдан чиқиндини олиб ташла, ўшанда ундан яхши идиш ясалади.

[5] Фосиқни шоҳ олдидан чиқариб ташла, шунда шоҳнинг тахти ҳақиқат билан мустаҳкам бўлади.

[6] Шоҳнинг олдида ўзингни юқори қўйма, улуғ одамлар турганда тўрга чиқма.

[7] Чунки ўзинг кўриб турган асилзодалар олдида биров сени пойгакка туширгандан кўра, “Тўрга ўтинг” дегани яхшироқ.

[8] Шошилиб арз қилма, охирида қўшниларнинг олдида уялиб қолсанг нима бўлади?

[9] Қўшнингнинг ўзи билан гаплаш, сирни бошқаларга очма.

[10] Бўлмаса, эшитганлар сени уятга қўяди, номинг бир умрга ёмон бўлади.

[11] Ўз ўрнида айтилган сўз тилла узукка қўйилган ёқут кўздайдир.

[12] Дононинг танбеҳи тинглаган қулоққа тилла сирға ва олтин безакдайдир.

[13] Садоқатли хабарчи уни юборганларга жазирама ўрим пайтидаги салқин сувдайдир, хўжайинининг қалбини севинтиради.

[14] Қилмаган совғаси билан мақтанадиган одам ёмғирсиз булут ва шамол кабидир.

[15] Сабр–тоқат билан гапирилса амалдор ҳам кўнади, мулойим сўз тошни ҳам синдиради.

[16] Асал топсанг, етарлича егин, ортиқчаси қайт қилдиради.

[17] Қўшнингникига ҳадеб кираверма, бўлмаса сендан безиб, ёмон кўриб қолади.

[18] Ўзгага қарши сохта гувоҳлик берган одам болта, қилич, ўткир ўққа ўхшайди.

[19] Ташвишли кунда вафосизга суяниш синган тиш ва чўлоқ оёққа ишониш кабидир.

[20] Ғамгин одам олдида қўшиқ айтиш аёзда уст–бошини ечиб ташлагандай, жароҳатга сирка суртиш кабидир.

[21] Душманинг оч бўлса, овқат бер, чанқаган бўлса, сув ичир.

[22] Шунда унинг бошига ёнаётган чўғ йиққандай бўласан, Эгамиз эса сени тақдирлайди.

[23] Шимолдан эсадиган шамол жала, ғийбат эса ғазаб келтиради.

[24] Уришқоқ хотин билан кенг уйда яшагандан кўра, лой томнинг бир четида яшаган яхшироқ.

[25] Узоқ юртдан келган хушхабар чарчаган одамга совуқ сув кабидир.

[26] Фосиққа бош эгган солиҳ лойқаланган булоқ ва бузилган қудуқдайдир.

[27] Кўп асал ейиш яхши эмас, иззатталаб бўлиш ҳам ҳурмат келтирмайди.

[28] Ўзини тута олмайдиган одам деворсиз вайрона шаҳар кабидир.

Сулаймон пайғамбарнинг ҳикматлари — Chapters