[1] Қуйидагилар Довуд ўғли, Қуддусда ҳукмронлик қилган Воизнинг сўзларидир.
[2] “Беҳуда! Беҳуда! — дейди Воиз. — Ҳаммаси беҳудадир!”
[3] Одам бу дунёда қилган меҳнатидан Қандай фойда топар?
[4] Авлод келиб, авлод кетар, Бу дунё эса шундайлигича қолаверар.
[5] Қуёш чиқиб яна ботар, Чиққан жойига қайтишга шошар.
[6] Шамол жанубга эсар, Шимол тарафга елар, Такрор–такрор айланиб, Ўз йўлидан юраверар.
[7] Барча дарёлар денгизга оқар, Денгиз эса ҳеч тўлмас, Шунда ҳам ўз макони сари Оқаверар дарёлар.
[8] Ҳамма нарса чарчатар, ҳолдан тойдирар, Уларни тасвирлашга сўзлар ҳам етмас. Кўзларимиз кўраверар, аммо тўймас, Қулоқларимиз эшитаверар, аммо қониқмас.
[9] Олдин нима бўлган бўлса, яна содир бўлгай, Нима қилинган бўлса, яна қайтарилгай, Бу дунёда ҳеч қандай янги нарса йўқ.
[10] Бирор нарса бормидики, биз бу ҳақда: “Қаранглар, бу янгилик–ку!” — деб айта олсак?! У олдиндан бор эди, биз таваллуд топмасдан олдин ҳам шу ерда эди.
[11] Қадимда бўлганлар эсга олинмас, ҳатто бундан кейин бўладиганлар ҳам келажакда эсланмас.
[12] Мен, Воиз, Исроил устидан Қуддусда шоҳман.
[13] Ўзимни донолик билан изланишга, мана шу дунёда бўлаётган ҳамма ишларни тушунишга бағишладим. Худо инсонга берган бу иш қандай қайғули–а!
[14] Мен бу дунёда бўлаётган ҳамма нарсани кўрдим, қаранглар, ҳаммаси беҳуда, шамолнинг орқасидан қувишдай экан.
[15] Эгри нарсани тўғрилаб бўлмас, Йўқ нарсани санаб бўлмас.
[16] Ўзимга шундай дедим: “Мана, мен буюк бўлиб, доноликда мендан олдин Қуддусда ҳукмронлик қилганларнинг ҳаммасидан ўзиб кетдим. Кўп донолик орттирдим, илму маърифатни яхшилаб ўргандим.”
[17] Донолик ва илм–маърифатнинг фойдаси телбалик ва аҳмоқликдан устунлигини англаб етишга ўзимни бағишладим, аммо бу ҳам шамолнинг орқасидан қувишдай эканлигини тушундим.
[18] Қайғу ҳам ортаркан, донолик қанча кўп бўлса, Дард кўпаяр экан гар билим ошса.