[1] Доно хотин ўз оиласини мустаҳкамлайди, нодон хотин эса оиласини ўзи бузади.
[2] Тўғри йўлдан юрадиган Эгамиздан қўрқади, эгри йўлдан юрадиган эса Уни рад этади.
[3] Аҳмоқнинг сўзлари ўзига калтак келтиради, дононики эса уни ҳимоя қилади.
[4] Ҳўкиз бўлмаса охур тоза, лекин ҳўкизнинг кучи туфайли ҳосил кўп бўлади.
[5] Содиқ гувоҳ ёлғон гапирмайди, сохта гувоҳ ёлғон гапиришдан тўхтамайди.
[6] Мазах қилувчи доноликни қидиради, аммо тополмайди, идроклига эса билим олиш осон.
[7] Ақлсиздан узоқлаш, чунки ундан маъноли сўз чиқмайди.
[8] Зийракнинг донолиги ўз йўлини билишидадир, ақлсизнинг аҳмоқлиги эса уни йўлдан адаштиради.
[9] Аҳмоқ одам айб қурбонлиги устидан кулади, тўғри одам эса Худонинг марҳаматига сазовор бўлади.
[10] Юрак ўз дардини ўзи билади, унинг шодлигини ҳам ҳеч ким тўлиқ тушунмайди.
[11] Фосиқларнинг уйи хароба бўлади, солиҳларнинг хонадони эса гуллаб–яшнайди.
[12] Шундай йўл борки, инсонга тўғри бўлиб кўринади, аммо охири ўлимга олиб боради.
[13] Кулса ҳам юракда қайғу бор, хурсандчиликнинг охири ғамдир.
[14] Юраги қинғир ўз эгрилигидан, яхши одам эса тўғрилигидан мамнун.
[15] Содда ҳар бир сўзга ишонаверади, ақлли эса қадамини ўйлаб босади.
[16] Доно қўрқиб ёмонликдан узоқлашади, нодон эса жаҳли тез ва бепарво.
[17] Баджаҳл ақлсизлик қилади, бадният нафратга учрайди.
[18] Соддаларнинг насибаси — нодонлик, ақллиларнинг тожи эса илму маърифатдир.
[19] Ёмонлар яхшиларнинг олдида, фосиқлар солиҳларнинг дарвозасида таъзим қилади.
[20] Камбағалдан қўшнилари ҳам нафратланади, бойнинг эса ўртоқлари кўп.
[21] Қўшнисини хор қилган — гуноҳкор, муҳтожга марҳамат қилган эса бахтлидир.
[22] Нияти бузуқлар йўлдан адашади. Яхши ниятлилар эса севги ва садоқатга сазовор бўлади.
[23] Ҳар бир меҳнатдан фойда бор, қуруқ гап эса камбағаллик келтиради.
[24] Оқилларнинг тожи — донолиги, ақлсизнинг нодонлиги эса аҳмоқлигидир.
[25] Ростгўй гувоҳ жонни қутқарса, ёлғончи гувоҳ алдайди.
[26] Эгамиздан қўрқиш — мустаҳкам қалъа, фарзандларига ҳам Ўзи паноҳдир.
[27] Эгамиздан қўрқиш ҳаёт манбаидир, бундай хислат одамни ўлим тузоғидан асрайди.
[28] Халқнинг кўплиги — шоҳнинг шуҳрати, камлиги эса ҳокимнинг ҳалокатидир.
[29] Сабр–тоқатли одам ақл–идроклидир, жаҳлдорлик аҳмоқликни билдиради.
[30] Хотиржам юрак танага ҳаёт бахш этади, ҳасадгўйлик эса суякларни чиритади.
[31] Камбағалга зулм қилган Яратувчини таҳқирлаган бўлади, муҳтожга ёрдам берган эса Худони улуғлаган бўлади.
[32] Фосиқ ўз қилмишлари туфайли ҳалокатга учрайди, солиҳ эса ўлимда ҳам паноҳ топади.
[33] Донолик оқилнинг қалбида яшайди, нодонлар орасида ҳам ўзини билдиради.
[34] Солиҳлик халқни юксалтирса, гуноҳ шарманда қилади.
[35] Донолик билан иш қиладиган қул шоҳнинг марҳаматига сазовордир, шармандали иш қиладиган эса унинг ғазабига учрайди.