Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:19

[1] Тўғри юрадиган камбағал эгри тилли аҳмоқдан яхшироқ.

[2] Билимсиз истак яхши эмас, шошқалоқлар ҳам қоқилади.

[3] Нодоннинг нодонлиги ҳаётини бузади–ю, Эгамиздан жаҳли чиқади.

[4] Бойлик дўстлар устига дўст келтиради, камбағал эса дўстидан ҳам айрилади.

[5] Сохта гувоҳ жазосиз қолмайди, ёлғон гапирувчи ҳам қочиб қутулмайди.

[6] Аъёнларнинг марҳаматини истайдиган кўп, совға берувчига ҳамма дўстдир.

[7] Камбағалдан ҳамма ака–укалари нафратланади, дўстлари ҳам узоқлашади, қидирганда уларнинг изи ҳам йўқ.

[8] Доноликка эришган ўз жонини севади, фаросатли киши яхшилик топади.

[9] Сохта гувоҳ жазосиз қолмайди, ёлғончи ҳалок бўлади.

[10] Ҳашаматли яшаш аҳмоққа ярашмаганидек, хўжайин устидан ҳокимлик қилиш ҳам қулга тўғри келмайди.

[11] Одамнинг ақли жаҳлини тияди, гуноҳни кечириш унга шуҳрат келтиради.

[12] Шоҳнинг ғазаби шернинг ўкиришига ўхшайди, муруввати эса майсадаги шабнам кабидир.

[13] Нодон фарзанд отасига ташвиш келтиради, хотиннинг жанжали бетўхтов томадиган чаккадайдир.

[14] Уй ва бойлик — отадан мерос, фаросатли хотин эса Эгамиздандир.

[15] Дангасалик одамни уйқучи қилади, ялқов одам оч қолади.

[16] Амрларга амал қилган ўз жонини асрайди, ўз ҳаётини хор қилган эса ўлади.

[17] Камбағалга раҳм қилиш — Эгамизга қарз беришдай, У яхшиликни қайтаради.

[18] Умид бор экан, фарзандингни тарбия қил, бузилиб, нобуд бўлишига йўл қўйма.

[19] Жаҳлдор жазосини олади, уни бир қутқарсанг яна қутқаришингга тўғри келади.

[20] Насиҳатга қулоқ сол, панд–ўгитни қабул қил, шунда умринг бўйи оқил бўласан.

[21] Инсоннинг юрагида ният кўп, лекин фақат Эгамизнинг айтгани амалга ошади.

[22] Инсоннинг истаги — садоқатли севги, камбағал одам ёлғончидан яхшироқдир.

[23] Эгамиздан қўрқиш ҳаётга элтади, одам ҳузур–ҳаловатда яшаб ташвишга учрамайди.

[24] Дангаса қўлини косага чўзади–ю, оғзига олиб келишга эринади.

[25] Мазах қилувчининг таъзирини бер! Шунда содда одамларга ақл киради. Фаросатлига танбеҳ бер! Шунда унинг билими ошади.

[26] Отасига зўравонлик қилиб, онасини ҳайдаган ўғил уят ва шармандалик келтиради.

[27] Эй ўғлим, агар насиҳатга қулоқ тутмасанг, илм–маърифатдан юз ўгирган бўласан.

[28] Маккор гувоҳ адолат устидан кулади, фосиқнинг оғзи ёвузликни ўзига олади.

[29] Мазах қилувчиларга ҳукм, нодонларга калтак тайёрдир.

Сулаймон пайғамбарнинг ҳикматлари — Chapters