[1] Дастурхони тўла жанжалли уйдан, бир тишлам қаттиқ нони бор тинч хонадон яхшироқ.
[2] Шармандали иш қиладиган ўғил устидан фаросатли қул ҳукмронлик қилади, у хўжайинининг ўғиллари қатори меросга шерик бўлади.
[3] Кумуш ва олтин оловда синалади, одамларнинг қалбини эса Эгамиз синайди.
[4] Фосиқлар ёвуз одамларнинг гапига киради, ёлғончилар эса ғийбатга қулоқ солади.
[5] Камбағални мазах қилган одам уларни Яратганни таҳқирлайди, бировнинг бахтсизлигидан қувонган жазосиз қолмайди.
[6] Набиралар — кексаларнинг тожу тахти, оталар ўғилларнинг шон–шуҳратидир.
[7] Яхши сўз нодонга ярашмагандек, ёлғон ҳам улуғсифат одамга асло тўғри келмайди.
[8] Ўз эгасининг назарида пора сеҳрли қимматбаҳо тош, гўё ҳамма ерда омад келтиради.
[9] Гуноҳни кечирган дўстликни сақлайди, уни кавлаштирган эса дўстни узоқлаштиради.
[10] Донога берилган битта танбеҳ нодоннинг бошида синган юзта калтакдан таъсирлироқ.
[11] Фосиқ фақат ғалаён пайида бўлади, шунинг учун унга ёвуз элчи юборилади.
[12] Тентакнинг аҳмоқлигига йўлиққандан кўра, болаларидан айрилган она айиққа дуч келган яхшироқ.
[13] Яхшиликка ёмонлик қилганнинг хонадонидан ёмонлик аримайди.
[14] Жанжалнинг бошланиши — сув уриб кетишига ўхшайди, жанжал чиқмасдан уни тўхтат.
[15] Фосиқни оқлаш, солиҳни айблаш — иккови ҳам Эгамизга жирканчдир.
[16] Бу нима?! Нодоннинг қўлида бойлик бор, “Донолик сотиб олай”, — дейди, лекин унда ақл йўқ.
[17] Ҳақиқий дўст ҳар доим севади, ака–укалар ҳам оғир кун учун туғилган.
[18] Қўл ташлаб бировга кафиллик қиладиган ақлсиздир.
[19] Гуноҳни яхши кўрган уруш–жанжални севар, ўзига бино қўйган ҳалокат қидирар.
[20] Юраги маккор одам яхшиликка эришмайди, эгри тил кулфатга дучор бўлади.
[21] Нодон фарзанд кўрган қайғу чекади, аҳмоқнинг отаси шодлик нималигини билмайди.
[22] Шод юрак — шифобахш дори, ғам–кулфат эса жоннинг эговидир.
[23] Фосиқ қўйнидан пора олиб адолат йўлини ўзгартиради.
[24] Фаҳм–фаросатли инсон доноликка қарайди, нодоннинг кўзи эса дунёнинг нариги четида.
[25] Аҳмоқ фарзанд — отасига қайғу, уни туққан онага ғамдир.
[26] Солиҳни жазолаш, амалдорни одиллиги учун койиш яхши эмас.
[27] Кам гапирган — доно, оғир, вазмин одам идроклидир.
[28] Ҳатто аҳмоқ ҳам индамай ўтирганда доно бўлиб кўринади, тилини тийиб турган фаросатли ҳисобланади.