Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 3:05

[1] Ўғлим, сўзларимни асра, амрларимни дилингда сақла.

[2] Амрларимни сақлаб яша, таълимотимни кўз қорачиғингдек асра.

[3] Уларни бармоғингга боғла, юрагинг қаърига ёзиб қўй.

[4] Доноликни синглим, ақл–идрокни қардошим деб атагин.

[5] Улар сени зинокордан, тилёғлама бузуқ аёлдан асрайди.

[6] Уйимдаги дераза панжараси ортидан қарадим,

[7] содда ёшларнинг орасида, бир ақлсиз йигитни кўриб қолдим.

[8] Йигит кўчадан ўтиб, зинокор аёлнинг уйи томон кетаётган эди.

[9] Оқшом. Кеч. Тун қоронғи эди.

[10] Шунда фоҳишага ўхшаб кийинган, маккор ниятли аёл уни кутиб олгани чиқди.

[11] У шаллақи, ўжар, ҳеч қачон уйида турмайди.

[12] Бир қарасанг кўчада, бир қарасанг майдонда, яна бир қарасанг ҳар хил бурчакда турган бўлади.

[13] У йигитни қучоқлаб, ўпиб, беномусларча шундай деди:

[14] “Бугун қурбонлик келтирдим, ваъдаларимни бажардим.

[15] Шунинг учун сени кутиб олишга чиқдим, сени қидириб топдим.

[16] Тўшагимни Мисрдан келтирилган рангли мато билан безадим.

[17] Мирра, долчин ва алоэдан бўлган хушбўй атирлар сепдим.

[18] Қани, юр, тонгга қадар куёв–келиндай роҳат қилайлик, ҳузур–ҳаловат қилайлик.

[19] Эрим ҳозир уйда эмас, узоқ сафарга кетган.

[20] Бир ҳамён кумуш танга олиб кетган, ой тўлмагунча қайтиб келмайди.”

[21] Кўп ширин сўзлар ва мулойим гаплар билан у йигитни йўлдан урди.

[22] Йигит ўша заҳотиёқ, кушхонага кетаётган ҳўкиздай, тузоққа оёқ қўяётган кийикдай унинг орқасидан эргашди.

[23] У тузоққа кираётган қушдай, найза жигарига тегмагунча ҳаётини йўқотишини билмайди.

[24] Ўғилларим, менга қулоқ солиб, сўзларимга эътибор беринглар.

[25] Юрагингиз ўша аёлнинг йўлига бурилмасин, унинг сўқмоқларида адашманг.

[26] У кўпларни ҳалок қилди, қурбонлари ҳам кўп.

[27] Унинг уйи ўликлар диёрига етакловчи йўлдир, ўлимга олиб боради.

Сулаймон пайғамбарнинг ҳикматлари — Chapters