[1] Фосиқларга ҳавас қилма, улар билан бирга бўлишга интилма.
[2] Чунки улар зўравонликни ният қилади, тиллари ёмонликни гапиради.
[3] Уй донолик билан қурилади, идрок билан мустаҳкам бўлади.
[4] Хоналар эса билим билан турли қимматбаҳо, қимматли бойликка тўлади.
[5] Доно сипоҳлар кучли сипоҳлардан, илм–маърифатлилар эса кучи борлардан қудратлироқдир.
[6] Яхши одам йўл–йўриқ билан урушга боради, маслаҳатчилар кўплиги туфайли ғалаба қилади.
[7] Аҳмоқ доноликка етишмайди, ҳукмда оғзини оча олмайди.
[8] Ёмон ният қилувчининг номи шаккокдир.
[9] Аҳмоқлик билан тузилган режа гуноҳдир, мазахчидан одамлар жирканади.
[10] Ташвишли кунда ожиз бўлганнинг кучи камдир.
[11] Ўлимга маҳкум бўлганларни, дорга олиб кетилаётганларни қутқар.
[12] “Билмайман”, — десанг ҳам, юракни синайдиган Худо кўрмайдими, жонни асрайдиган буни билмайдими? Ҳаммага уларнинг ишига яраша қайтармайдими?
[13] Ўғлим, асал еб кўргин, у яхши, асалари муми оғзингга шириндир.
[14] Донолик жонингга асалдайдир, унга эришсанг келажагингни топасан, умидинг рўёбга чиқади.
[15] Эй фосиқ, солиҳнинг уйига пистирма қурма, уй–жойига тегма.
[16] Солиҳ етти марта йиқилса ҳам туриб кетаверади, фосиқ эса ҳалокатга учрайди.
[17] Душманинг йиқилганда севинма, қоқилгани учун юрагинг қувонмасин.
[18] Бўлмаса Эгамиз буни кўриб ёқтирмай, ғазабини ундан ўгиради.
[19] Фосиқлардан жаҳлинг чиқмасин, ёмонларга ҳавас қилма.
[20] Чунки ёмонларнинг келажаги йўқ, фосиқларнинг чироғи ўчиб қолади.
[21] Эй ўғлим, Эгамиздан ҳам, шоҳдан ҳам қўрқ, уларга қарши бош кўтарма.
[22] Чунки улардан кулфат кутилмаганда келади, икковидан келадиган ҳалокатни ким билади?!
[23] Қуйидаги сўзлар ҳам донолардан. Ҳукмда тарафкашлик қилиш яхши эмас.
[24] Фосиққа “солиҳсан” деганни эл лаънатлайди, халқлар ундан нафратланади.
[25] Унга танбеҳ берганлардан хурсанд бўлади, улар қут–барака топадилар.
[26] Тўғри жавоб берадиганларни ҳамма севади.
[27] Ташқаридаги юмушингни бажар, даладаги барча ишларингни тартибга сол, кейин уйингни қургин.
[28] Сабабсиз ўзгага қарши гувоҳлик берма, тилинг билан алдама.
[29] “Менга нима қилган бўлса, мен ҳам шундай қиламан, қилмишига яраша қайтараман”, дема.
[30] Мен дангасанинг даласидан, нодоннинг узумзори ёнидан ўтдим.
[31] Ана, ҳамма ёқ тиканзор, ҳамма ерда қичитқи ўт, тош девор ҳам қулаб, ер билан битта бўлиб ётибди.
[32] Қараб, ўйлаб кўрдим, уни кўриб сабоқ олдим.
[33] “Бир оз ухлай, бир мизғиб олай, ёнбошлаб бирпас дам олай”, — дейди.
[34] Шунинг учун қашшоқлик йўлтўсардай, муҳтожлик эса қароқчидай устига келади.