[1] Ўғлим, донолигимга эътибор бер, ақл–идрокимга қулоқ сол,
[2] токи фаҳм–фаросатинг йўқолмасин, билиминг сақлансин.
[3] Бузуқ аёлнинг тилидан бол томади, сўзлари — малҳамдай юмшоқ,
[4] аммо оқибати заҳардай аччиқ, ханжардай ўткирдир.
[5] Оёқлари ўлим томон юради, қадамлари ўликлар диёрига етаклайди.
[6] У ҳаётга олиб борадиган йўлга эътибор бермайди, йўллари беқарор, ўзи буни билмайди.
[7] Ўғлим, менга қулоқ сол, сўзларимдан чиқма.
[8] У аёлдан узоқроқ юр, унинг эшигига яқинлашма.
[9] Бўлмаса, ўз обрўйингни бегоналарга, ҳаётингни ёвузларга берган бўласан.
[10] Бойлигингдан бегоналар баҳраманд бўлади, меҳнат билан топган мол–мулкинг ўзгаларнинг уйида бўлади.
[11] Умринг охирида, вужудингу танангдан асар қолмагач, фарёд қиласан.
[12] Ўшанда шундай дейсан: “Мен интизом ва танқиддан қанчалик нафратланар эдим–а,
[13] на устозларимга, на насиҳат берганларга қулоқ солибман.
[14] Ана оқибат, жамоа орасида ҳалокат қирғоғига келиб қолдим.”
[15] Ўз сардобангдаги, ўз қудуғингдаги сувни ичавер.
[16] Булоқларинг ташқарида, ирмоқларинг кўчада оқсинми?!
[17] Уни бегоналар билан баҳам кўрма, фақат ўзингники бўлсин.
[18] Булоғинг сувлари муборак бўлсин, кўз очиб кўрганинг билан қувонгин.
[19] Жозибали оҳу ва гўзал кийик! Унинг оғуши сени қониқтирсин, доим унинг севгиси билан қаноатлангин.
[20] Нега энди, ўғлим, бегона хотинни кўнглинг қўмсайди? Нимага бегона аёлнинг оғушини қучасан?
[21] Инсоннинг хатти–ҳаракатлари Эгамизнинг кўзи олдидадир. Эгамиз одамнинг барча ишларини кузатиб туради.
[22] Фосиқнинг ишлари унинг ўзини ушлайди, гуноҳлари уни занжирбанд қилади.
[23] У аҳмоқлиги туфайли йўлдан озади, тарбиясизлиги дастидан ўлади.