[1] Юмшоқ жавоб ғазабни қайтаради, қаттиқ сўз эса жаҳл чиқаради.
[2] Донолар тилидан илм–ҳикмат ёғилса, нодонлардан аҳмоқлик чиқади.
[3] Эгамизнинг кўзлари ҳамма жойда, У яхшию ёмонни кўриб туради.
[4] Ширин сўз — ҳаёт дарахти, бузуқ тил — жоннинг ҳалокати.
[5] Отасининг насиҳатини аҳмоқ рад этади, танбеҳга қулоқ солган эса идроклидир.
[6] Солиҳнинг уйида бойлик кўп, фосиқнинг ҳосили эса ташвиш келтиради.
[7] Дононинг тили билим тарқатади, аҳмоқнинг қалби эса ундай эмас.
[8] Фосиқнинг қурбонлиги Эгамизга жирканчдир, тўғрининг ибодати эса Унинг қувончи.
[9] Фосиқнинг ишлари Эгамизга жирканчдир, солиҳликка интилганни эса У севади.
[10] Тўғри йўлни ташлаб кетган қаттиқ жазо олади, танбеҳдан нафратланган ўлади.
[11] Ҳатто Ўлим ва Ҳалокат ҳам Эгамиз нигоҳи остида экан, одамзоднинг қалби Унга ҳеч нарса эмас.
[12] Масхара қилувчи танбеҳ берганларни ёқтирмайди, у донолар олдига ҳам бормайди.
[13] Юрак шод бўлса, чеҳра очиқ, ғамгин бўлса, руҳ тушкундир.
[14] Заковатли юрак илм қидиради, ақлсизнинг оғзи аҳмоқлик излайди.
[15] Қийналганларга ҳар кун ташвиш, лекин юрагида шодлик бўлса, доимо байрам.
[16] Кўп бойликка эга бўлиб ваҳима билан яшагандан кўра, Эгамиздан қўрқиб озгина бойлик билан яшаш яхшироқ.
[17] Гўшт еб нафрат билан яшашдан, сабзавот еб севги билан яшаган афзалроқ.
[18] Баджаҳл жанжал чиқаради, жаҳлни тиядиган эса тинчлантиради.
[19] Дангасанинг йўли тиканли четан девор каби, тўғрининг сўқмоғи эса катта равон йўлдир.
[20] Ақлли фарзанд отасини қувонтиради, ақлсиз эса онасини хор қилади.
[21] Аҳмоқлик виждонсизга қувончдир, ақлли эса тўғри юради.
[22] Маслаҳат бўлмаган жойда иш юришмайди, маслаҳатчи кўп бўлса, муваффақиятли бўлади.
[23] Одам яхши жавоби туфайли қувонади, ўз вақтида айтилган сўз қанчалик яхши.
[24] Донога тепадаги ҳаёт сўқмоғи пастдаги ўликлар диёридан узоқлашиш учундир.
[25] Эгамиз такаббурнинг уйини вайрон қилади, беванинг мол–мулкини сақлайди.
[26] Фосиқнинг ниятлари Эгамизга жирканч, ёқимли сўзлар эса покдир.
[27] Очкўз ўз уйига ташвиш келтиради, порадан нафратланадиган эса яшайди.
[28] Солиҳ ўйлаб жавоб беради, фосиқнинг оғзидан эса ёмонлик чиқаверади.
[29] Эгамиз фосиқлардан узоқда, лекин солиҳларнинг ибодатини эшитади.
[30] Кўздаги нур кўнгилни хушнуд этади, хушхабар тан–жонга озиқ беради.
[31] Ҳаётбахш насиҳатга қулоқ солган доноларнинг орасида бўлади.
[32] Насиҳатни рад қилган ўз жонини хор қилади, танбеҳга қулоқ солган эса идрокли бўлади.
[33] Эгамиздан қўрқиш доноликни ўргатади, камтарлик иззату икромга сазовор қилади.