[1] Фосиқни ҳеч ким қувмаса ҳам қочаверади, солиҳ эса шердай ботир.
[2] Юртда исён бўлганда бошлиқ кўпаяди, аммо ақл–идрокли раҳнамо туфайли юртда тинчлик барқарор бўлади.
[3] Ожизларни эзадиган камбағал овқат қолдирмайдиган селдайдир.
[4] Қонунни тан олмайдиганлар фосиқларни мақтайди, қонунга амал қиладиганлар эса улар билан курашади.
[5] Фосиқ адолатни тушунмайди, Эгамизга интилган эса ҳамма нарсани тушунади.
[6] Камбағал бўлиб тўғри юриш бой бўлиб эгри юргандан яхшироқ.
[7] Доно фарзанд қонунга риоя қилади, ярамасга улфат бўлган эса отасини шарманда қилади.
[8] Судхўр ва очкўз одам бойлик йиғади, аммо бойлиги қашшоққа ачинадиганга насиб этади.
[9] Қонундан юз ўгирганнинг ибодати ҳам жирканчлидир.
[10] Тўғри одамни ёмон йўлга бошлаган одам қазиган чуқурига ўзи тушади, покдил эса яхшилик топади.
[11] Бой ўзининг назарида доно, ақлли камбағал эса ўзини текширади.
[12] Солиҳ мартабага эришганда катта байрам, фосиқ лавозимга келса одамлар яширинади.
[13] Ўз гуноҳларини яширган ютуққа эришмайди, уларни тан олиб, воз кечган марҳамат топади.
[14] Доим Худодан қўрққан бахтлидир! Бағри тош одам эса балога учрайди.
[15] Ожиз халқ устидаги ёвуз ҳукмдор ириллаётган шер ва ҳужум қилаётган айиқдайдир.
[16] Ақлсиз ҳукмдор ниҳоятда золим бўлади, адолатсиз фойдадан нафратланадиган узоқ яшайди.
[17] Агар биров одам ўлдирган бўлса, ўлгунча қочиб юрсин, унга ҳеч ким ёрдам бермасин.
[18] Тўғри юрадиган нажот топади, эгри йўлдан юрадиган эса йиқилади.
[19] Ўз ерига ишлов берганнинг нони мўл бўлади, орзу–хаёлларга берилган эса қашшоқликка учрайди.
[20] Содиқ киши кўп барака топади, бойишга шошилган жазосиз қолмайди.
[21] Тарафкашлик яхши эмас, бир тўғрам нон деб одам вафосизлик қилади.
[22] Хасис одам бойлик орқасидан қувиб, бошига қашшоқлик келишини билмайди.
[23] Танқид қиладиган одам хушомадгўйга қараганда кўпроқ марҳамат топади.
[24] Ота–онасининг мулкини ўғирлаб, “Бу гуноҳ эмас” деган одам бузғунчига шерикдир.
[25] Очкўз жанжал чиқаради, Эгамизга ишонган эса тўқ яшайди.
[26] Ўзигагина ишонган аҳмоқдир, ақл билан юрадиган эса нажот топади.
[27] Камбағалга берган одам кам бўлмайди, кўриб–кўрмасликка олган эса кўп лаънатга учрайди.
[28] Фосиқлар мартабага эришса одамлар яширинади, фосиқлар ҳалокатга йўлиққанда эса солиҳлар кўпаяди.