[1] Яхши ном — энг катта бойликдан ортиқ, марҳаматга сазовор бўлиш эса кумушу олтиндан ҳам яхши.
[2] Бой билан камбағалнинг бир ўхшашлиги бор, икковини ҳам Эгамиз яратган.
[3] Эс–ҳушли одам хавф–хатарни кўриб яширинади, содда эса тўхтамасдан бораверади, шунинг учун қийналади.
[4] Камтарлик ва Эгамиздан қўрқиш бойлик, ҳурмат ва ҳаёт келтиради.
[5] Эгрининг йўлида тиканзор ва тузоқлар бор, ўз жонини асраган ундан узоқлашади.
[6] Болани тўғри йўлга солиб тарбияла, шунда қариганда ҳам йўлидан адашмайди.
[7] Бойлар камбағаллар устидан ҳукмронлик қилади, қарздор қарз берганнинг қулидир.
[8] Фосиқликни эккан ташвиш йиғади, жаҳл қамчиси синади.
[9] Сахий барака топади, чунки ўз нонини камбағаллар билан баҳам кўради.
[10] Мазах қилувчини орадан қув! Шунда ғавғо кетади, жанжалу ҳақорат ҳам барҳам топади.
[11] Покдилликни севиб, хушмуомала бўлганга шоҳ дўст бўлади.
[12] Эгамиз илм–маърифатли инсонни асрайди, У хоиннинг сўзларини пучга чиқаради.
[13] Дангаса: “Ташқарида шер бор, кўчада мени ўлдиради”, — дейди.
[14] Бузуқ аёлнинг оғзи тубсиз чоҳдир, Эгамизнинг ғазабига учраганлар унга тушади.
[15] Ақлсизлик боланинг дилига ўрнашган, унинг бу ақлсизлигини калтак ҳайдаб чиқаради.
[16] Бой бўламан деб қашшоқни эзган ҳам, бойга совға қилган ҳам камбағаллашади.
[17] Доноларнинг сўзларига қулоқ тут, қалбингни билимимга оч.
[18] Чунки бу сўзларни қалбингда сақласанг, дилинг яшнайди, улар доим тилингда тайёр бўлсин.
[19] Эгамизга умид боғлагин деб бугун шуларни ўргатяпман.
[20] Сенга билим ва маслаҳат билан ўттизта насиҳат ёзиб бермаганмидим?!
[21] Бу ҳақиқат сўзларини ўрганиб, сени юборганларга айтиб беришинг учун эди.
[22] Камбағални камбағаллиги учун талама, бахтсизни дарвоза олдида ҳукм қилганда қийнама.
[23] Чунки Эгамиз уларни ҳимоя қилиб, золимларига Ўзи зулм қилади.
[24] Уришқоқ билан дўстлашма, баджаҳл билан юрма.
[25] Бўлмаса сен ҳам уларнинг йўлига тушиб қоласан, жонингни тузоққа илинтирасан.
[26] Бегона билан қўл ташлашма, ўзганинг қарзига кафиллик берма.
[27] Агар ўшанинг қарзини тўлашга ҳеч нарсанг бўлмаса, ҳатто, тагингдаги тўшагингдан ҳам айрилиб қоласан.
[28] Ота–боболаринг қўйган қадимий чегараларни бузма.
[29] Ўз ишига моҳир устани кўрганмисан? У оддий одамларга эмас, шоҳга хизмат қилади.