Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:04

[1] Эртанги кун билан мақтанма, унинг нима олиб келишини билмайсан–ку!

[2] Сени ўзинг эмас, бошқалар, ўз оғзинг эмас, ўзгалар мақтасин.

[3] Тош ҳам, қум ҳам оғир, ақлсизнинг ғазаби эса икковидан ҳам оғирроқ.

[4] Жаҳл — золим, ғазаб бир тошқиндир, рашк олдида ким бардош бера олади?!

[5] Ошкора танбеҳ пинҳона меҳрдан яхшироқ.

[6] Душманнинг ширин сўзи эмас, дўстнинг калтаклаши садоқатни кўрсатади.

[7] Тўқ одам асални ҳам оёқ ости қилади, очга эса аччиқ нарса ҳам ширин.

[8] Ўз уйини ташлаб кетган одам инидан айрилган қушга ўхшайди.

[9] Хушбўй мой ва муаттар атир кўнгилни шод қилади, дўстнинг самимий маслаҳати қувонч келтиради.

[10] Ўз дўстингни ва отангнинг дўстини ташлаб кетма, оғир кунда акангникига чопма, яқин қўшни узоқдаги акадан яхшироқ.

[11] Эй ўғлим, доно бўл, қалбимни қувонтир, шунда биров мени танқид қилса ҳам, жавоб қайтара оламан.

[12] Эс–ҳушли одам хавф–хатарни кўриб яширинади, содда эса тўхтамасдан бораверади, шунинг учун қийналади.

[13] Бегонага кафиллик қилганнинг тўнини ечиб ол, ҳа, бундай ақлсиз одамдан кийимини гаров қилиб ол.

[14] Тонг–саҳарлаб дўстига ҳамду сано айтган одам унга лаънат ўқиган бўлади.

[15] Жанжалкаш хотин ёмғирли кунда тўхтамай томаётган чаккага ўхшайди.

[16] Уни бошқариш шамолни бошқариш ёки ўнг қўл билан мойни ушлаш демакдир.

[17] Темир темирни ўткирлайди, инсон эса дўстини.

[18] Анжирни парвариш қилган одам унинг мевасидан баҳраманд бўлади, соҳибига яхши қараган иззат–ҳурматга эга бўлади.

[19] Сув инсоннинг юзини акс эттиргани каби, юраги ҳам унинг кўзгусидир.

[20] Ўлим ва Ҳалокат ҳеч тўймаганидай, инсоннинг кўзи ҳам асло тўймайди.

[21] Кумуш, олтин оловда синалади, одам эса мақтовда.

[22] Аҳмоқни келига солиб дон билан бирга янчсанг ҳам, аҳмоқлиги ундан ажралмайди.

[23] Қўйларингнинг аҳволини яхши бил, подаларингга яхши қара.

[24] Чунки бойлик ҳам, тож ҳам абадий эмас.

[25] Ўтлар қуриб, янги кўкатлар ўсиб чиққанда, қир–адирдаги ўт–ўланлар йиғиб олинганда,

[26] қўзилар кийим–кечагингни, эчкилар эса дала баҳосини қоплайди.

[27] Эчкиларнинг сути кўп, сенга ҳам, уй аҳлингга ҳам, ҳатто хизматкорларингга ҳам етарли бўлади.

Сулаймон пайғамбарнинг ҳикматлари — Chapters