[1] Ёхининг ўғли Ағурнинг Ихтиёлга берган, Ител ва Ухалга айтган сўзлари:
[2] “Ростдан ҳам одамлар орасида энг ақлсизи эканман, инсоннинг ақл–идроки менда йўқ.
[3] На доноликни ўрганибман, на Муқаддас Худони билибман.
[4] Ким осмонга кўтарилган, осмондан тушган? Шамолни ҳовучларига йиққан ким? Ким сувни ўз кийимига ўраган? Ернинг барча чегараларини ўрнатган ким? Унинг исми нима? Ўғлининг исми–чи? Биласан–ку!
[5] Худонинг ҳар бир сўзи ҳақиқатдир, Ўзи эса Унга умид боғлаганнинг қалқони.
[6] Унинг сўзларига қўшма, У жазоласа, ёлғонинг фош этилса нима қиласан?
[7] Сендан икки нарсани сўрайман, ўлмасимдан олдин қилгин.
[8] Сохталик ва ёлғонни мендан узоқлаштир, менга қашшоқлик ҳам, бойлик ҳам эмас, фақат насибамни бергин.
[9] Қорним тўйганда: «Эгам ким ўзи?» деб айтмайин, камбағалликдан ўғрилик қилиб, Уни бадном қилмайин.
[10] Қул сени лаънатламаслиги учун уни эгасига ёмонлама, бўлмаса жазоланасан.
[11] Шундай насл борки, отасига лаънат ўқийди, онасини дуо қилмайди.
[12] Шундай насл борки, ўзининг назарида пок, лекин ифлослигидан тозаланмаган.
[13] Шундай насл бор, кўзлари қанчалик такаббур, қарашлари ҳам мағрур.
[14] Шундай насл борки, тишлари — қилич, қозиқ тишлари эса пичоқ, ер юзидан камбағални, одамлар орасидан муҳтожни йўқотади.
[15] Зулукнинг икки қизи бор: «Бер, бер!» — деб айтади. Ҳеч қачон қониқмайдиган уч нарса, етарли, демайдиган тўрт нарса бор.
[16] Дўзах, бепушт бачадон, сувсираган тупроқ ҳамда олов, етарли, демайди.
[17] Отани мазахлайдиганнинг, онага бўйсунишни рад этадиганнинг кўзларини қузғунлар чўқийди, калхат болалари ейди.
[18] Мени ҳайрон қолдирадиган уч нарса бор, тўрт нарса борки, ақлимга сиғмайди:
[19] ҳаводаги бургутнинг йўли, тош устидаги илоннинг йўли, денгиз ўртасидаги кеманинг йўли ҳамда қизга юрадиган эркакларнинг йўли.
[20] Зинокор аёлнинг йўли ҳам шундайдир: у еб бўлгач, оғзини артиб: «Ҳеч бир эгрилик қилмадим–ку!» дейди.
[21] Ер уч нарсадан ларзага келади, тўрт нарсани кўтара олмайди:
[22] қул шоҳлик қилганда, аҳмоқ тўйганда,
[23] шаллақи аёл эрга текканда, чўри бекасининг ўрнини олганда.
[24] Ер юзида тўртта кичкина нарса бор, лекин ўта доно:
[25] чумолилар заиф, лекин егулигини ёзда тайёрлайди.
[26] Бўрсиқ камқувват, лекин инини қояга қуради.
[27] Чигирткаларнинг сардори йўқ, лекин барчаси ҳамжиҳат юриш қилади.
[28] Ўргимчакни қўл билан ушласа бўлади, лекин саройда ҳам юради.
[29] Юриши салобатли уч нарса, қадами улуғвор тўрт нарса бор:
[30] шер ҳайвонлар ичида энг кучлиси, ҳеч нимадан қочмайди.
[31] Мақтаниб юрадиган хўроз, серка ва ғолиб шоҳ.
[32] Агар аҳмоқлик қилиб ўзингни мақтаган бўлсанг, бировга ёмонлик қиламан, деб айтган бўлсанг, овозингни ўчир, оғзингни ёп!
[33] Чунки кув пишса ёғ чиқади, бурунга урса қонайди, жаҳлни қўзғатса жанжал чиқади.”