Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:46

[1] Ҳоким билан овқатланишга ўтирганда, олдингга қўйилган нарсаларга назар сол.

[2] Агар иштаҳанг катта бўлса, бўғзингга пичоқ тиралгандай, ўзингни назорат қил.

[3] Унинг неъматларини кўнглинг тусамасин, чунки бу алдамчи таомдир.

[4] Бой бўлай деб кўп ҳаракат қилма, фаҳму фаросат билан бу фикрингдан воз кеч.

[5] Бойлик кўз очиб юмгунча йўқ бўлади, қанот қоқиб бургутдай осмонга учиб кетади.

[6] Хасиснинг овқатидан ема, унинг неъматларини кўнглинг тусамасин.

[7] Чунки у кўнглида ўзининг фойдасини ҳисоблайди, “Егин, ичгин”, — дейди–ю, кўнгли сен билан эмас.

[8] Еган луқмангни қайт қиласан, ширин сўзларинг ҳавога учиб кетади.

[9] Аҳмоққа гап гапирма, у ҳикматли сўзларингни рад этади.

[10] Қадимий чегараларни бузма, етимларнинг даласини тортиб олма.

[11] Чунки уларнинг Ҳимоячиси қудратли, У етимларнинг тарафини олади.

[12] Юрагингни насиҳатга, қулоқларингни эса идрокка оч.

[13] Боладан танбеҳни аяма, чунки таёқ билан урсанг ўлмайди.

[14] Таёқ билан уриб жазоласанг, жонини дўзахдан сақлайсан.

[15] Ўғлим, қалбингда донолик бўлса, юрагим қувонади.

[16] Тилингдан тўғри сўз чиқса, кўнглим ҳам шодланади.

[17] Гуноҳкорларга ҳавас қилма, доимо Эгамиздан қўрқиб юр.

[18] Чунки албатта келажак бор, умидинг рўёбга чиқади.

[19] Ўғлим, тинглаб доно бўл, юрагингни тўғри йўлга сол.

[20] Майхўр ва очкўзлик билан гўшт ейдиганлар орасида бўлма.

[21] Чунки майхўр ва очкўз қашшоқ бўлади, уйқучилик жулдур кийим кийдиради.

[22] Сени дунёга келтирган отангга қулоқ сол, онанг қариганда уни хор қилма.

[23] Ҳақиқатни сотиб ол, донолик, йўл–йўриқ, идрок ҳам ол, уларни сотма.

[24] Солиҳ отасининг бошини кўкка етказади, доно фарзанд уни хурсанд қилади.

[25] Ота–онанг сендан хурсанд бўлсин, сенга ҳаёт берган онанг шод бўлсин.

[26] Ўғлим, менга қалбингни оч, кўзларинг ишларимни кузатсин.

[27] Чунки бузуқ хотин — тубсиз чоҳ, зинокор хотин тор қудуқдир.

[28] У қароқчи каби пойлаб туради, одамлар орасида вафосизликни орттиради.

[29] Қайғу кимда, ким ғам–ташвиш тортади? Ким жанжал қилади, шикоят қилган ким? Ким сабабсиз яраланади? Кимнинг кўзлари қип–қизил?

[30] Шароб ичишга берилганлар, хушбўй майни тотиб кўришга кўп борганлар.

[31] Шаробнинг қизиллигига, қадаҳда чўғдай товланишига, текис қуйилишига қарама.

[32] Охирида у илон каби чақади, қора илондай заҳар сочади.

[33] Кўзларинг ғалати нарсаларни кўради, юрагингда эгри фикрлар бўлади.

[34] Кўпирган денгиз ўртасида ётгандай, тўлқинларда чайқалган кемада ухлагандай бўласан.

[35] “Мени урдилар, оғримади, калтакладилар, лекин билмадим. Қачон уйғонаман? Яна бир ичай”, — дейсан.

Сулаймон пайғамбарнинг ҳикматлари — Chapters