Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 2:35

[1] Ўғлим, насиҳатларимни қабул қилиб, амрларимни юрагингда сақласанг,

[2] доноликка қулоқ солиб, қалбингни фаҳм–идрокка очсанг,

[3] фаросатга ташна, идрокка чанқоқ бўлсанг,

[4] уни кумуш излагандай изласанг, яширин хазина қидиргандай қидирсанг,

[5] Эгамиздан қўрқиш нималигини тушунасан, Худо кимлигини биласан.

[6] Чунки доноликни Эгамиз беради, билим ва идрок Унинг оғзидан чиқади.

[7] Эгамиз тўғри одамни эсон–омон сақлайди, тўғри юрадиганга Ўзи қалқон бўлади.

[8] Адолатли инсонни ҳимоя қилади, Унга содиқ бўлганнинг йўлини қўриқлайди.

[9] Шунда сен тўғрилик, адолат, одиллик, яъни тўғри йўл нима эканлигини тушунасан.

[10] Чунки юрагингга донолик киради, руҳинг эса билимдан завқланади.

[11] Фаҳм–фаросат сени ҳимоя қилади, ақл–идрок сени қўриқлайди.

[12] Ёмон йўлдан, ёвуз гапирадиганлардан асрайди.

[13] Улар тўғри йўлни ташлаб, қоронғиликда юради.

[14] Ёмон ишлардан хурсанд бўлади, ёвузликдан қувонади.

[15] Улар йўлдан адашган, сўқмоқлари ҳам эгридир.

[16] Донолик сени зинокордан, тилёғлама бузуқ аёлдан сақласин.

[17] Бузуқ аёл ёшлигидаги умр йўлдошини ташлаб, Худо олдида берган аҳдини бузган.

[18] Унинг уйи ўлимга, йўллари ўликларнинг олдига олиб боради.

[19] Унинг олдига борган одам қайтиб келмайди, ҳаёт сўқмоқларига қайтиб қадам босмайди.

[20] Шунинг учун яхши одамларнинг йўлидан юргин, солиҳларнинг йўлидан чиқмагин.

[21] Чунки тўғри одам ўша ерда яшайди, пок одам у ерда қолади.

[22] Фосиқ эса ер юзидан қириб ташланади, вафосиз йўқ қилинади.

Сулаймон пайғамбарнинг ҳикматлари — Chapters