Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:14

[1] Насиҳатни севган илм–маърифатни севади, танбеҳдан нафратланадиган эса аҳмоқдир.

[2] Яхши одам Эгамизнинг марҳаматига сазовор бўлади, нияти бузуқни эса У жазога ҳукм этади.

[3] Инсон ёвузлик билан камол топмайди, солиҳ ҳеч қачон ўрнидан қўзғатилмайди.

[4] Яхши хотин эрининг бошидаги тожидир, эрини уялтирадиган хотин бошга балодир.

[5] Солиҳнинг фикри–зикри — адолат, фосиқнинг маслаҳати эса ёлғондир.

[6] Фосиқнинг сўзи қонга ташна, тўғрининг тили эса қутқаради.

[7] Фосиқ ҳалокатга учраб йўқ бўлади, солиҳнинг уйи эса мустаҳкам туради.

[8] Инсонни ақл–идрокига қараб улуғлайдилар, эгри одам эса нафратга дучор бўлади.

[9] Ўзини катта тутиб нонга зор бўлгандан кўра, оддий бўлиб хизматкор бўлиш яхшироқ.

[10] Солиҳ ҳайвонга ҳам меҳрибонлик қилади, фосиқнинг раҳмдиллиги ҳам золимликдир.

[11] Ерга ишлов берган тўйиб нон ейди, бекор нарсани кўзлаган эса ақлсиздир.

[12] Фосиқ ёвузлик тўрига илинтирай дейди, солиҳнинг илдизи яшнайди.

[13] Фосиқ ўз тилидан илинади, солиҳ эса ғамдан фориғ бўлади.

[14] Одам сўзлари туфайли яхши нарсага эришади, меҳнати уни тақдирлайди.

[15] Нодон ўз йўлини тўғри деб ўйлайди, доно эса маслаҳатга қулоқ солади.

[16] Нодон ғазабини дарҳол билдиради, ақли расо эса ҳақоратланганини беркитади.

[17] Тўғри гапирадиган ҳақиқатни айтади, сохта гувоҳ ёлғон гапиради.

[18] Ўйламасдан айтилган сўз қиличдай жароҳатлайди, дононинг гаплари эса шифо беради.

[19] Ростгўй лаблар абадийдир, ёлғон тил эса бир лаҳзаликдир.

[20] Ёмон ният қиладиганнинг юрагида ёлғон, тинчлик ўрнатувчининг юрагида эса қувонч бор.

[21] Солиҳга ҳеч қандай зарар тегмайди, фосиқ эса ғам–ғуссадан қутулмайди.

[22] Ёлғончи тил Эгамизга жирканч, тўғрилик билан иш қиладиганлар эса Унинг севинчидир.

[23] Ақлли билимини кўз–кўз қилмайди, нодон ўз нодонлигини ошкор қилади.

[24] Тиришқоқ ҳукм суради, дангаса эса қул бўлади.

[25] Юракдаги қайғу–алам одамни эзади, ширин сўз эса юракни шод этади.

[26] Солиҳ ўзгаларга йўл кўрсатади, фосиқ эса йўлдан адаштиради.

[27] Дангаса ўлжасини пиширишга ҳам эринади, ғайратли эса қимматбаҳо бойликка эга бўлади.

[28] Солиҳлик йўли ҳаётга етаклайди, бу йўлда ўлим йўқдир.

Сулаймон пайғамбарнинг ҳикматлари — Chapters