[1] Ақлли фарзанд отасининг насиҳатларини қабул қилади, мазах қилувчи эса танбеҳга қулоқ солмайди.
[2] Яхши одам сўзлари билан яхшиликка эришади, хоин эса зўравонликка.
[3] Тилини тийган жонини асрайди, тилига эрк берган эса ҳалокатга учрайди.
[4] Дангасанинг кўнгли хоҳлайди–ю, аммо ҳеч нарсага эриша олмайди, тиришқоқ эса орзусига етишади.
[5] Солиҳ ёлғондан нафратланади, фосиқ эса уятли ва шармандали ишлар қилади.
[6] Солиҳлик тўғри юрадиганни ҳимоя қилади, фосиқлик эса гуноҳкорни ҳалок қилади.
[7] Шундай одам бор, ҳеч нарсаси йўғ–у, ўзини бой кўрсатади. Яна шундай одам бор, бойлиги кўп–у, ўзини қашшоқ кўрсатади.
[8] Жоннинг ҳақи — унинг бойлиги, камбағал эса дўқ–пўписадан қўрқмайди.
[9] Солиҳларнинг чироғи доим чароғон, фосиқники эса ўчиб қолади.
[10] Мағрурликдан фақат уруш чиқади, насиҳатга қулоқ солган одамда эса донолик бор.
[11] Ҳийла билан топилган давлат йўқолади, меҳнат билан топилгани эса кўпаяди.
[12] Рўёбга чиқмаган умид юракни эзади, ушалган орзу эса ҳаёт дарахти кабидир.
[13] Панд–насиҳатлардан нафратланган ўзига ҳалокат келтиради, амрга қулоқ солган эса тақдирланади.
[14] Дононинг таълимоти ҳаёт манбаидир, у одамни ўлим тузоғидан асрайди.
[15] Идрокли инсон марҳаматга эришади, хоиннинг йўли эса машаққатлидир.
[16] Зукко одам ақл билан иш қилади, ақлсиз эса аҳмоқлигини кўрсатади.
[17] Ёмон хабарчи кулфат олиб келади, содиқ хабарчи эса юракка шифо келтиради.
[18] Насиҳатга қулоқ солмаганларга қашшоқлик ва уят келади, танбеҳга қулоқ солганлар эса ҳурмат ва иззат топади.
[19] Амалга ошган тилак жонга роҳат беради, нодон одам ёмонликдан айрилишни рад этади.
[20] Донога ҳамроҳ бўлган доно бўлади, аҳмоққа йўлдош бўлган эса ҳалок бўлади.
[21] Бахтсизлик гуноҳкорнинг кетидан қувиб юради, солиҳнинг мукофоти эса бахт–саодатдир.
[22] Яхши одам болаларининг болаларига ҳам мерос қолдиради, фосиқнинг бойлиги эса солиҳга насиб этади.
[23] Камбағалнинг даласида ғалла мўл, лекин адолатсизлик туфайли вайрон бўлади.
[24] Калтакни ўғлидан аяган одам уни ёмон кўради, ўғлини севган эса ёшликдан тартиб–интизомга ўргатади.
[25] Солиҳ қорни тўйиб овқат ейди, фосиқ эса оч қолади.