Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:47

[1] Режалар одамнинг юрагида, тилдаги жавоб эса Эгамиздан.

[2] Одамнинг қилмишлари унинг назарида тўғри, лекин Эгамиз юракнинг поклигини ўлчайди.

[3] Ишларингни Эгамизга топшир, шунда режаларинг мустаҳкам бўлади.

[4] Ҳамма нарсани Эгамиз Ўз мақсади билан яратган, ҳатто фосиқларнинг ҳам қисматини белгилаб қўйган.

[5] Барча такаббурлар Эгамизга жирканч, улар жазосиз қолмайдилар.

[6] Севги ва садоқат туфайли гуноҳ кечирилади, Эгамиздан қўрқиш ёмонликдан узоқлаштиради.

[7] Эгамизга инсоннинг йўллари маъқул келганда, душманлари билан ҳам яраштиради.

[8] Адолатсиз келган кўп даромаддан, ҳалол меҳнат билан топилган озгинаси яхшироқ.

[9] Одам юрагида ният қилади, унинг қадамини эса Эгамиз бошқаради.

[10] Худонинг сўзлари шоҳнинг тилида, ҳукм қилганда хато қилмайди.

[11] Тўғри тарозию паллалар Эгамизникидир, тарози тошларини ҳам Худо яратган.

[12] Шоҳнинг ёмонлик қилиши қабиҳликдир, чунки унинг тахти адолат туфайли мустаҳкам.

[13] Тўғри сўз шоҳнинг қувончидир, у ростгўйларни яхши кўради.

[14] Шоҳнинг ғазаби ўлим даракчисидир, доно уни тинчлантиради.

[15] Шоҳ юзидаги табассум ҳаётдан нишона, унинг марҳамати ёмғир келтирадиган булут кабидир.

[16] Доно бўлиш — олтиндан, идрок топиш эса кумушдан ҳам яхшироқдир.

[17] Тўғрининг йўли ёмонликдан узоқлаштиради, қадамини билиб босган одам ўз жонини асрайди.

[18] Мағрурликнинг ортидан ҳалокат келади, такаббурликдан сўнг эса одам қоқилади.

[19] Такаббурлар билан ўлжа бўлишгандан кўра, камтарин бўлиб камбағаллар орасида яшаш яхшироқ.

[20] Гапга тушунадиган яхшилик топади, Эгамизга умид боғлаган бахтли бўлади.

[21] Қалбида донолик бўлган фаросатли деб аталади, ширинсуханлик ақл–идрокни кўпайтиради.

[22] Идрок ўзининг соҳиби учун ҳаёт булоғи, аҳмоқлик эса аҳмоққа жазодир.

[23] Дононинг юраги тилига идрок беради, сўзларини ишончли қилади.

[24] Ёқимли сўз асал кабидир, жонга роҳат, суякларга малҳамдир.

[25] Шундай йўл борки, инсонга тўғри бўлиб кўринади, аммо охири ўлимга олиб боради.

[26] Меҳнат қиладиган одам ўзи учун ишлайди, чунки оч қорни уни ундайди.

[27] Ярамас одам ёмонликни қўзғайди, сўзлари куйдирадиган олов кабидир.

[28] Маккор жанжал чиқаради, ғийбатчи эса яқин дўстларни ажратади.

[29] Ёвуз ўзгани алдаб, ёмон йўлга бошлайди.

[30] Кўзини қисган — ёмон ниятда, лабини тишлаган эса ёвузлик қилган.

[31] Оқарган сочлар — шарофат тожи, солиҳлик йўлида юрган унга эришади.

[32] Жаҳлини тийган — қудратлидан, ўзини тута биладиган эса шаҳарни енггандан яхшироқ.

[33] Қуръа ташланади, аммо барча қарор Эгамиздандир.

Сулаймон пайғамбарнинг ҳикматлари — Chapters