Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 3:28

[1] Бошқалардан ажралган ўз истагини қондиришни хоҳлайди, у ҳамма доно насиҳатга қарши чиқади.

[2] Нодон ақл–идрокни ёқтирмайди, фақат ўзини кўрсатади.

[3] Фосиқлик дастидан шармандалик келади, ҳурматсизлик эса уят келтиради.

[4] Доно сўзлар чуқур сувлардай туганмасдир, донолик булоғи ошиб–тошган ирмоқдир.

[5] Фосиқнинг тарафини олиш, ҳукмда солиҳни айблаш яхши эмас.

[6] Аҳмоқнинг тили жанжал чиқаради, сўзлари эса калтак келтиради.

[7] Аҳмоқнинг тили ўзига ҳалокат, сўзлари жонига тузоқдир.

[8] Ғийбатчининг сўзи ширин овқат кабидир, одамнинг бутун аъзойи баданига сингиб кетади.

[9] Ишда дангаса бўлган одам бузғунчига оғайнидир.

[10] Эгамизнинг номи мустаҳкам қалъадир, солиҳ у ерга бориб эсон–омон бўлади.

[11] Бойнинг бойлиги қалъасидир, унинг назарида шаҳарнинг баланд девори кабидир.

[12] Такаббурлик ҳалокатга олиб боради, камтарлик эса иззату икромга сазовор қилади.

[13] Охиригача тингламай жавоб берган аҳмоқдир, у шарманда бўлади.

[14] Одамнинг руҳи касалликка чидай олади, лекин тушкун руҳга ким тоқат қила олади?!

[15] Ақллининг қалби билим олади, доно илму маърифатга интилади.

[16] Совға эгасига ҳамма эшикларни очади, катта одам олдига олиб боради.

[17] Биринчи гапирган одам бошқаси келиб текширмагунча, ҳақ кўринади.

[18] Қуръа жанжални тўхтатади, кучли рақибларни ҳам ажратади.

[19] Хафа бўлган биродарга яқинлашиш кучли шаҳарни олишдан ҳам қийин, ўртадаги жанжал қалъанинг қулфига ўхшайди.

[20] Одамнинг қорни оғзининг маҳсули билан тўяди, тилининг самараси билан қониқади.

[21] Ўлим ҳам, ҳаёт ҳам тилнинг ҳукмидадир, бирисини севган мевасини ейди.

[22] Хотин топган бахт топиб, Эгамизнинг марҳаматига сазовор бўлади.

[23] Камбағал илтижо билан гапиради, бой эса қўпол жавоб беради.

[24] Шундай дўст борки, у ҳалокат келтиради, дўст борки, у туғишгандан ҳам яқинроқдир.

Сулаймон пайғамбарнинг ҳикматлари — Chapters