[1] Донолик уй қурди, уйининг етти устунини қўйди.
[2] Қурбонлик келтирди, шароб тайёрлаб, дастурхон ёзди.
[3] Хизматкорларини шаҳарнинг энг баланд жойига юбориб, улар орқали:
[4] “Ким содда бўлса, бу ёққа келсин”, — деб чақирди, ақлсизларга шундай деди:
[5] “Келинглар, таомимдан енглар. Мен тайёрлаган шаробдан ичинглар.
[6] Ғафлатдан воз кечинглар, шунда яшайсизлар, идрок йўлидан юринглар.”
[7] Мазах қилувчига танбеҳ берган таҳқирланади, фосиқнинг хатосини айтган ҳақоратланади.
[8] Мазах қилувчига танбеҳ берма, акс ҳолда, у сендан нафратланади. Донога танбеҳ бер, шунда у сени севади.
[9] Донога ўргатсанг, янада донороқ бўлади. Солиҳни ўқитсанг, билимини кўпайтиради.
[10] Эгамиздан қўрқиш доноликнинг бошидир, Муқаддас Худони билиш идрокдир.
[11] Чунки донолик туфайли умрингга умр қўшилади.
[12] Доно бўлсанг ўзингга фойда, мазах қилсанг ўзинг жабр тортасан.
[13] Аҳмоқ аёл шаллақи ва фаросатсиздир, у ҳеч нарсани билмайди.
[14] Уйининг эшиги олдида, шаҳарнинг энг баланд жойида ўтириб,
[15] йўлида тўғри юрган, ёнидан ўтиб кетаётганларни:
[16] “Кимки содда бўлса, бу ёққа келсин”, — деб чақиради, ақлсизларга шундай дейди:
[17] “Ўғирланган сув шириндир, беркитиб ейилган нон мазали.”
[18] Лекин у ерда арвоҳлар борлигини, унинг меҳмонлари ўликлар диёрининг қаърида эканлигини билмайдилар.