Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 5:00

[1] Ёлғон тарози Эгамиз учун жирканчдир, аниқ тарози тошлари эса Унинг қувончидир.

[2] Мағрурлик билан шармандалик келади, донолик эса камтарлар биландир.

[3] Тўғриларнинг софдиллиги йўл кўрсатса, хоинларнинг иккиюзламачилиги ҳалок қилади.

[4] Қиёмат кунида бойлик фойда бермайди, солиҳлик эса ўлимдан сақлайди.

[5] Покдилнинг солиҳлиги йўлини тўғрилайди, фосиқ эса фосиқлиги туфайли қоқилади.

[6] Тўғрининг солиҳлиги нажот беради, сотқин эса ёмон ниятлари туфайли тутилади.

[7] Ёвуз ўлса, орзу–умидлари ҳам ўлади, фосиқнинг ҳам хоҳиш–тилаклари поймол бўлади.

[8] Солиҳ ғам–ғуссадан қутулади, фосиқ эса ғамга дучор бўлади.

[9] Имонсиз ўз тили билан қўшнисини ҳалок қилади, солиҳ эса илм–маърифати туфайли нажот топади.

[10] Солиҳнинг иши юришса, эл–юрт қувонади, фосиқ ҳалок бўлса, тантана бўлади.

[11] Тўғри одамлар туфайли шаҳар гуллаб–яшнайди, фосиқнинг тилидан эса эл–юрт вайрон бўлади.

[12] Қўшнисини камситган ақлсиздир, идрокли сукут сақлайди.

[13] Ғийбатчи сирларни очади, содиқ эса сир сақлайди.

[14] Йўл–йўриқ кўрсатувчиси бўлмаган халқ ҳалок бўлади, маслаҳатчилар кўп бўлса, ғалаба келади.

[15] Бегонага кафиллик қилган кўп жабр кўради, кафил бўлишдан нафратланадиган эса тинчгина юради.

[16] Меҳрибон хотин иззат–ҳурмат топади, зўравон эса бойликдан бошқа ҳеч нарсага эришмайди.

[17] Шафқатли инсон ўз жонига манфаат келтиради, бағри тош эса ўзига зарар етказади.

[18] Худонинг йўлидан юрганлар ҳақиқий мукофотни, фосиқлар эса ёлғон мукофотни оладилар.

[19] Солиҳликни кўзлаган инсон ҳаётга, ёмонликни кўзлаган эса ўз ўлимига эришади.

[20] Эгри юрак Эгамизга жирканч, покларнинг ишлари эса Унинг қувончидир.

[21] Фосиқ асло жазосиз қолмайди, солиҳнинг эса авлодлари ҳам нажот топадилар.

[22] Чиройли, аммо фаросатсиз аёл, бурнига тилла сирға таққан чўчқа мисол.

[23] Солиҳнинг хоҳиши фақат эзгулик, фосиқнинг кутганлари эса қаҳр–ғазабдир.

[24] Баъзиларнинг қўли очиқ, аммо бойлиги кўпаяверади. Баъзилар ҳаддан ташқари тежамкор, аммо қашшоқлашаверади.

[25] Сахийнинг бири икки бўлади, бошқаларга яхшилик қилганнинг ўзи ҳам яхшилик кўради.

[26] Ғалласини қизғанганни халқ қарғайди, сотганларга эса барака ёғилади.

[27] Эзгуликка интилган илтифот топади, ёмонлик қидирганга эса ёмонлик келади.

[28] Бойлигига ишонган хонавайрон бўлади, солиҳ эса барг каби яшнайди.

[29] Ўз оиласига ғам–ташвиш келтирадиганлар мерос олмайди, нодонлар донога қул бўлади.

[30] Солиҳларнинг маҳсули — ҳаёт дарахти, оқилу донолар одамларнинг юрагидан жой олади.

[31] Дунёда солиҳ қанча тақдирланса, фосиқ билан гуноҳкор ундан ҳам кўпроқ жазоланади.

Сулаймон пайғамбарнинг ҳикматлари — Chapters