[1] Ўғлим, ўзгага кафиллик қилиб, бегона билан аҳдлашган бўлсанг,
[2] ўз тилингдан илиниб, сўзларинг тузоққа етаклаган бўлса,
[3] ўғлим, ўзганинг қўлига тушиб қолибсан, ўзингни қутқар, бор, тиз чўкиб ёлвор.
[4] Ўзингга уйқу берма, бир сония ҳам дам олма.
[5] Овчидан қочган оҳу каби, беданавоз қўлидан қочган беданадай ўзингни қутқар.
[6] Эй танбал, чумолиларга бир қара, уларнинг хатти–ҳаракатларини кўриб доно бўл.
[7] Уларнинг на раҳбари, на назоратчиси, на ҳукмдори бор.
[8] Лекин улар ёзда озиқ тўплашади, ўрим пайтида дон–дун йиғишади.
[9] Сен–чи, танбал, қачонгача ухлайсан?! Қачон ўрнингдан турасан?
[10] “Бир оз ухлай, бир мизғиб олай, ёнбошлаб бирпас дам олай”, дейсан.
[11] Шунинг учун қашшоқлик йўлтўсардай, муҳтожлик қароқчидай устингга келади.
[12] Айёр ва нопоклар ярамас сўзларни гапириб юрадилар.
[13] Кўз қисадилар, оёқ–қўллари билан имо–ишора қиладилар.
[14] Юракларида доим ёвуз ният қилиб, одамлар орасида жанжал чиқарадилар.
[15] Шунинг учун тўсатдан офатга учрайдилар, шифо топмай тўсатдан ҳалок бўладилар.
[16] Олти нарсадан Эгамиз нафратланади, етти нарсадан У жирканади. Булар:
[17] манманлик нигоҳи, ёлғончи тил, бегуноҳ қонни тўкадиган қўллар,
[18] ёмон ниятли юрак, ёвузликка югурадиган оёқлар,
[19] ёлғон гапирадиган сохта гувоҳ, ака–укалар орасига нифоқ солувчилардир.
[20] Ўғлим, отанг насиҳатларига қулоқ сол, онанг ўгитларини рад этма,
[21] уларни доим юрагингда сақла, бўйнингга тақиб ол.
[22] Юрганингда улар сенга йўл кўрсатади, ухлаганингда қўриқлайди, уйғоқлигингда сенга гапиради.
[23] Чунки амрлар — чироқ, танбеҳ — ҳаёт йўли, панд–насиҳатлар нурдир.
[24] Улар сени бошқаларнинг хотинидан, зинокор аёлнинг ширин сўзидан сақлайди.
[25] Юрагингда унинг гўзаллигини орзу қилмагин, кўзларига маҳлиё бўлма.
[26] Фоҳишага биттагина нон ҳақи етарли, аммо ўзганинг хотини билан қилинган зино бутун ҳаётингни барбод қилади.
[27] Қўйинга чўғ солганда кийимни куйдирмай бўладими?!
[28] Чўғ устида юрганда оёқни куйдирмай бўладими?!
[29] Ўзганинг хотини олдига кирганнинг аҳволи ҳам шундай, бегона аёлга теккан жазосиз қолмайди.
[30] Қорни очлигидан ўзини тўйдириш учун ўғрилик қилса, одамлар ундан нафратланмайди.
[31] Лекин қўлга тушиб қолганда ўғирланган молининг ҳақини етти баробар қилиб қайтариши керак.
[32] Зино қилган ақлсиздир, ўзини ўзи нобуд қилади.
[33] У кўп калтак еб шарманда бўлади, бир умрга бадном бўлади.
[34] Чунки рашк эрни ғазаблантиради, эр қасос олганда шафқат қилмайди.
[35] Ҳар қандай ҳадяни рад этади, қанча пора берсанг олмайди.