Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 4:53

[1] Донолик чорламайдими?! Идрок овозини баланд қилиб чақирмайдими?!

[2] Қир–адирларда, йўл бўйларида, чорраҳаларда,

[3] шаҳар дарвозаларида, эшиклар олдида туриб жар солади:

[4] “Эй инсонлар, сизларни чақиряпман, одамзодга гапирмоқдаман.

[5] Соддалар, фаҳм–фаросатли бўлинг, нодонлар, идрокли бўлинг.

[6] Қулоқ солинг, мен аъло гапларни гапираман, ростини айтаман.

[7] Чунки тилим ҳақиқатни гапиради, фосиқликдан эса нафратланади.

[8] Ҳамма сўзларим тўғридир, уларда на эгрилик, на бузуқлик бор.

[9] Фаросатлиларга равшан, билим оладиганларга тўғридир.

[10] Кумуш ўрнига насиҳатларимни, олтин ўрнига илм–маърифатни танланг.

[11] Чунки донолик кўҳинурдан аълороқдир, ҳеч қандай шодлик У билан тенглаша олмайди.

[12] Мен, Донолик, ақл–идрок билан яшайман, билим ва фаҳм–фаросат мендадир.

[13] Эгамиздан қўрқиш ёмонликдан нафратланиш демакдир. Мен мағрурлик ва манманликдан, ёвузлик ва бузуқ тилдан нафратланаман.

[14] Менда маслаҳат ва ҳақиқат бор, мен идрокман, қуввату куч ҳам мендадир.

[15] Шоҳлар мен орқали ҳукм сурадилар, ҳукмдорлар тўғри қонунлар чиқарадилар.

[16] Мен орқали раҳбарлар бошқарадилар, амалдор ва барча одил ҳакамлар ҳукм чиқарадилар.

[17] Ким мени севса ўшани севаман, астойдил излаганлар мени топадилар.

[18] Бойлик, шуҳрат, битмас–туганмас хазина, фаровонлик мендадир.

[19] Менинг ҳосилим тоза олтиндан ҳам, аъло кумушдан ҳам яхшироқ.

[20] Мен тўғри йўлдан, адолат сўқмоқларидан юраман.

[21] Мени севганлар бойликни мерос қилиб оладилар, уларнинг хазинасини тўлдираман.

[22] Эгамиз яратиш ишларини бошламасдан олдин, мени бунёд қилган эди.

[23] Азалда, энг бошида, дунё яратилмасдан олдин, У мени тайинлаган эди.

[24] Тубсиз денгизу бепоён уммон, ё бирорта булоқ кўз очмай туриб, мен дунёга келтирилганман.

[25] Тоғу тош, қир–адир барпо бўлмасдан олдин мен таваллуд топганман.

[26] У ҳали на ер, на далаларни, на ернинг тупроғини яратган эди.

[27] Худо осмонни яратганда, бепоён уммон узра фалакни барпо этганда, мен ўша ерда эдим.

[28] Осмонга булутларни жойлаб, денгизларни сув билан тўлдирган чоғда,

[29] У сув тошиб кетмасин деб амр берганда, ерга асос солганда,

[30] мен Унинг ёнида мусаввир эдим, қошида кундан–кунга завқланиб, доимо қувонардим.

[31] Дунёда, Унинг ерида одамзод билан хурсанд бўлардим.

[32] Ўғилларим, менга қулоқ солинглар, йўлимдан юрганлар бахтлидир.

[33] Панд–насиҳатларимни тинглаб доно бўлинглар, уни рад этманглар.

[34] Ҳар куни остонамда кутиб, эшигимни пойлаб, сўзларимга қулоқ соладиган бахтлидир.

[35] Чунки мени топган ҳаёт топади, Эгамизнинг марҳаматига сазовор бўлади.

[36] Мени кўздан қочирган ўзига зарар етказади, мендан нафратланган ўлимни севади.”

Сулаймон пайғамбарнинг ҳикматлари — Chapters