[1] Худо Нуҳ билан унинг ўғилларига марҳамат қилиб, уларга деди: “Ували–жували бўлинглар, ер юзини тўлдиринглар.
[2] Ер юзидаги жамики ҳайвонлар, осмондаги ҳамма қушлар, ерда судралиб юрувчи жонивор ва ҳашаротларнинг ҳаммаси, денгиздаги ҳамма балиқлар сизлардан қўрқиб, ҳуркадиган бўлади. Буларнинг ҳаммаси устидан сизлар ҳукмрон бўласизлар.
[3] Ўтни ва сабзавотларни сизларга емиш қилиб берганим сингари, ҳамма тирик жонзотларни ҳам сизлар учун емиш қилиб бераман.
[4] Лекин этни қони билан емайсизлар. Қонда жон бўлгани учун Мен буни тақиқлайман.
[5] Қотиллик жазоланади. Инсоннинг жонини олган инсондан Мен хун талаб қиламан, инсонни ўлдирган ҳар қандай ҳайвон ўлдирилиши лозим.
[6] Кимки инсон қонини тўкса, Унинг қонини ҳам инсон тўкар. Зеро, инсон зотини Мен, Худо, Яратганман Ўз суратимда.
[7] Баракали бўлиб кўпайинглар, ер юзида тўлиб–тошиб, тобора ортиб боринглар.”
[8] Худо Нуҳ билан унинг ўғилларига яна гапирди:
[9] “Мен энди сизлар билан ва сизларнинг авлодингиз билан аҳд қиламан.
[10] Сизлар билан кемадан чиққан ҳамма тирик жонзот — қушлар, чорва, ер юзида яшовчи ҳамма жониворлар билан ҳам аҳд қиламан.
[11] Сизлар билан қатъий аҳд қиламан: бундан буён барча жонзот тўфон туфайли қирилиб кетмайди, ер юзини қириб битирадиган тўфон бошқа ҳеч қачон бўлмайди, деб ваъда бераман.
[12] Сизлар ва жамики тирик жонзот билан қилаётган абадий аҳдимнинг аломати шу бўлади:
[13] Мен булутлар орасида Ўз камалагимни ҳосил қиламан. Бу камалак Менинг олам аҳли билан қилган аҳдимнинг аломати бўлади.
[14] Мен булутларни ер устига олиб келганимда, камалак булутлар орасида кўриниб туради.
[15] Ана ўшанда Мен Ўзим билан сизлар ва ҳамма тирик жонзот ўртасида қилган аҳдимни ёдимда тутаман. Тўфон энди ҳеч қачон жамики жонзотни йўқ қилмайди.
[16] Камалак булутлар орасида турганда, Мен камалакни кўриб, ер юзидаги тирик жонзот билан Ўзим қилган абадий аҳдимни ёдимда тутаман.”
[17] Худо яна Нуҳга деди: “Ер юзидаги жамики тирик жонзот билан Мен қилаётган аҳднинг аломати ана шудир.”
[18] Нуҳ ва унинг ўғиллари Сом, Хом ва Ёфас кемадан чиқишди. Кейинроқ Хом ўғил кўриб, исмини Канъон қўйди.
[19] Нуҳнинг учала ўғлидан бутун ер юзидаги халқлар тарқалди.
[20] Тўфондан кейин Нуҳ деҳқон бўлди ва илк бор узумзор барпо қилди.
[21] Бир куни у ўзи тайёрлаган майдан ичди. Маст бўлиб, чодирида яланғоч ётган эди,
[22] Канъоннинг отаси Хом отасининг яланғоч ётганини кўрди ва ташқарига чиқиб, акаларига айтди.
[23] Сом билан Ёфас бир кийимни олиб, елкаларига ташладилар. Орқалари билан чодирга кириб, оталарининг яланғоч танасини кўрмаслик учун юзларини тескари ўгириб, унинг устини кийим билан ёпиб қўйдилар.
[24] Нуҳ ўзига келгач, кенжа ўғлининг қилмишини билди.
[25] Шунда Нуҳ деди: “Канъон лаънати бўлсин! Қулларнинг ҳам қули бўлсин акаларига!”
[26] Нуҳ яна деди: “Сомнинг Худоси — Эгамизга Ҳамду санолар бўлсин. Канъон Сомга қул бўлсин!
[27] Худо Ёфасга мўл ер берсин, Унинг насли Сомнинг Халқи билан яшасин! Канъон Ёфасга қул бўлсин!”
[28] Нуҳ тўфондан кейин 350 йил яшади.
[29] У 950 ёшида оламдан ўтди.