[1] Шундан кейин Эгамиз Ибромга шу сўзларни ваҳийда аён қилди: — Қўрқма, Ибром, Мен сенга қалқон бўламан, сенга берадиган мукофотим буюк бўлади.
[2] — Эй Эгам Раббий! Сен менга нима ҳам берар эдинг?! Мен ҳамон бефарзандман, бутун мол–мулким Дамашқлик хизматкорим Элиазарга қолади.
[3] Сен менга фарзанд бермадинг, шунинг учун хонадонимда туғилган қулим менинг меросхўрим бўлади–да.
[4] Лекин Ибромга Эгамиз яна шу сўзларни аён қилди: — Йўқ, қулинг сенинг меросхўринг бўлмайди, ўзингнинг пушти камарингдан бўладиган ўғлинг сенинг ҳамма мол–мулкингга меросхўр бўлади.
[5] Сўнгра Эгамиз Ибромни ташқарига олиб чиқиб, унга: — Осмонга қара, агар юлдузларни санай олсанг, санаб кўр, — деди. Эгамиз яна айтди: — Сенинг наслинг ҳам ўша юлдузларга ўхшаган кўп бўлади.
[6] Ибром Эгамизга ишонди, Эгамиз уни ишончи учун солиҳ деб билди.
[7] Сўнгра Эгамиз унга деди: — Мен сенинг Эгангман, бу юртни сенга мулк қилиб бермоқчиман, шунинг учун сени Халдейдаги Ур шаҳридан олиб чиққанман.
[8] — Эй Эгам Раббий! Бу юртни мерос қилиб олишимга қандай ишонч ҳосил қиламан? — деб сўради Ибром.
[9] — Менга уч ёшли ғунажин, уч ёшли эчки, уч ёшли қўчқор, каптар, мусичани олиб кел, — деди Эгамиз.
[10] Эгамиз нима айтган бўлса, ҳаммасини Ибром олиб келиб, сўйди. Ҳайвонларни узунасига ўртасидан бўлиб, бўлакларни бир–бирига қаратиб қўйди. Лекин қушларни иккига бўлмади.
[11] Қузғунлар гўштларни ейиш учун қўнганда, Ибром қузғунларни ҳайдади.
[12] Қуёш ботаётганда, Ибромни қаттиқ уйқу босди. Уни қўрқув, ваҳима қамраб олди.
[13] Шунда Эгамиз Ибромга айтди: — Шуни яхши билиб қўйки, сенинг наслинг бегона юртда мусофир бўлиб яшайди. Тўрт юз йил қул бўлиб, жабр–зулм тортади.
[14] Лекин Мен сенинг наслингни қул қилган халқни жазолайман. Сенинг наслинг бегона юртдан катта бойлик билан чиқиб кетади.
[15] Сен жуда ҳам кексайиб оламдан ўтиб, дафн этиласан, ота–боболаринг ёнига хотиржам кетасан.
[16] Сенинг наслинг тўрт авлод ўтгандан кейин бу ерга қайтиб келади, чунки Амор халқларининг қабиҳлиги ҳали ҳаддан ошмади.
[17] Қуёш ботиб, қоронғи тушгандан кейин, Ибром ичидан тутун чиқиб турган тоғорани ва ёнаётган машъалани кўрди. Ўша тоғора ва машъала бўғизланган ҳайвон бўлаклари орасидан ўтди.
[18] Шундай қилиб, ўша куни Эгамиз Ибром билан аҳд қилди ва шундай деди: — Мен сенинг наслингга Мисрдаги дарёдан тортиб буюк Фурот дарёсигача бўлган жойларни
[19] — Хайин, Ханаз, Кадмон,
[20] Хет, Париз, Рафа,
[21] Амор, Канъон, Гиргош, Ёбус халқларининг ерларини бераман.