Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 3:30

[1] Ибромнинг хотини Сорай ҳамон бола кўрмас эди. Сорай Мисрлик Ҳожар деган бир аёлни чўри қилиб олган эди.

[2] Бир куни Сорай Ибромга айтди: — Эгамиз мени фарзанддан қисди. Энди чўримнинг ёнига кираверинг. Балки у орқали фарзандли бўларман. Ибром Сорайнинг таклифига рози бўлди.

[3] Шундай қилиб, Ибромнинг хотини Сорай Мисрлик чўриси Ҳожарни эрига хотин қилиб олиб берди. Бу воқеа юз берганда, Ибром Канъон юртига кирганига ўн йил бўлган эди.

[4] Ибром Ҳожарнинг ёнига кирди. Ҳожар ҳомиладор бўлди. Ҳожар ҳомиладорлигини билгач, бекаси Сорайни назар–писанд қилмай қўйди.

[5] Шунда Сорай Ибромга деди: — Чўримга имтиёз бериб, ўзим уни сизнинг қўйнингизга солиб қўйдим. Энди у ҳомиладор бўлиб, мени назарига илмай қўйди–я. Буларнинг ҳаммасига сиз айбдорсиз! Худога солдим, қай биримизнинг ҳақ эканимизни Худо ҳал қилсин!

[6] Ибром Сорайга: — Ҳозир ҳам у сенинг чўринг, унга истаганингни қилавер, — деб жавоб берди. Сорай Ҳожарга шунақанги шафқатсизлик қилдики, Ҳожар қочиб кетишга мажбур бўлди.

[7] Эгамизнинг фариштаси саҳродаги булоқ ёнида — Шурга борадиган йўл бўйида Ҳожарни топди.

[8] — Эй Ҳожар, Сорайнинг чўриси! Қаердан келиб, қаерга кетяпсан? — деб сўради. — Бекам Сорайдан қочиб келяпман, — деб жавоб берди Ҳожар.

[9] — Бекангнинг ёнига қайт, унга итоат эт, — деди Эгамизнинг фариштаси Ҳожарга.

[10] — Сенинг наслингни шу қадар кўп қиламанки, кўплигидан ҳеч ким санай олмайди.

[11] Эгамизнинг фариштаси Ҳожарга яна гапирди: “Сен ҳомиладорсан ва туққайсан ўғил, Эгамиз эшитди жафоларингни, Унинг исмини қўйгайсан Исмоил.

[12] Ўғлинг бўлғай асов эшакдай, Унинг қўли кўтарилгай ҳаммага қарши Ва ҳамманинг қўли — унга қарши, Қариндошлари билан душман бўлиб яшагай.”

[13] Ҳожар: “Мени кўрадиган Худони кўрдим–а!” деди. Шунинг учун у ўзига гапирган Эгамизга: “Мени кўрадиган Худосан” деб ном берди.

[14] Шунинг учун бу қудуққа Бэр–Лахай–Руй деб ном берилган. Қудуқ Кадеш билан Барид орасида жойлашган.

[15] Ҳожар Ибромга ўғил туғиб берди, Ибром бу болага Исмоил деб исм қўйди.

[16] Бу пайтда Ибром саксон олти ёшда эди.

Ибтидо (Тавротнинг биринчи китоби) — Chapters