[1] Куннинг жазирама иссиқ пайти эди. Иброҳим Мамредаги муқаддас эманзорда чодирига кираверишда ўтирган эди, шу пайт Эгамиз унга зоҳир бўлди.
[2] Шу лаҳзада Иброҳим рўпарасида учта одам турганини билди. Иброҳим учаласини кўрган заҳоти уларни кутиб олгани югуриб борди ва мук тушиб таъзим қилди.
[3] — Ҳазратим, — деди Иброҳим, — марҳаматингизни дариғ тутманглар, бу қулингизнинг эшигини босиб ўтиб кетманглар.
[4] Хизматкорларим сув келтиришсин, оёқларингизни ювишсин, ўзларингиз дарахтнинг соясида дам олинглар.
[5] Модомики, бу қулингизнинг хонадонига ташриф буюрибсизлар, мен нон–пон олиб келай. Саёҳатингизни давом эттиришдан олдин бардам бўлиб олинглар. — Майли, — дейишди улар, — айтганингдай қилавер.
[6] Иброҳим шошилганича чодирга қайтди–да, Сорага деди: — Тез бўл! Уннинг яхшисидан дарров бир тоғора олиб, нон ёп.
[7] Сўнгра подага бориб, семиз бузоқни танлади ва хизматкорига берди. Хизматкор дарров бузоқни сўйиб, таом тайёрлашга киришди.
[8] У сузма, сут ва пишириб тайёрланган бузоқ гўштини олиб, меҳмонларнинг олдига қўйди. Меҳмонлар овқатланишаётганда, Иброҳим дарахт остида уларга ўзи хизмат қилиб турди.
[9] — Хотининг Сора қаерда? — деб сўрашди улар. — Шу ерда, чодирда, — деб жавоб берди Иброҳим.
[10] Улардан бири: — Мен келгуси йили шу пайтда қайтиб келганимда, хотининг Сора ўғилли бўлади, — деди. Сора чодир пардасининг орқасида, чодирга киравериш ёнида бу суҳбатни эшитиб турарди.
[11] Бу пайтда Иброҳим ҳам, Сора ҳам жуда кексайиб қолишган, Сора бола туғиш давридан анча ўтган эди.
[12] У ичида кулиб, ўзича ўйлади: “Мен мункиллаган кампир бўлсам–у, қандай қилиб лаззатлана олардим?! Бунинг устига, хўжайиним ҳам қариб қолган бўлса.”
[13] Шунда Эгамиз яна Иброҳимга айтди: — Нима учун Сора кулди? Нимага у: “Қариб қолган бўлсам, бола туғармидим”, деди?
[14] Мен — Эгангиз учун имконсиз нарса бор эканми?! Келгуси йил шу пайтда Мен қайтиб келаман. Ўшанда Сора ўғилли бўлади.
[15] Лекин Сора қўрқиб кетган эди. — Кулмадим, — деб гапидан тонди у. — Йўқ, кулдинг, — деди Эгамиз.
[16] Шундан кейин учалови ўринларидан туриб, Садўм томонга йўл олдилар. Иброҳим, уларни кузатиб қўяй деб, бирга юрди.
[17] Эгамиз: “Мен қилмоқчи бўлган ишларимни Иброҳимдан сир тутмайман”, деди Ўзига.
[18] “Иброҳимдан буюк, қудратли халқ келиб чиқади. Ер юзидаги жамики халқлар у орқали барака топади.
[19] Иброҳим ўғилларини, ўз наслини Менинг йўлимдан юришга, тўғрилик ва адолат билан иш қилишларига йўл кўрсатсин деб, уни танлаганман. Шунда Мен Иброҳимга берган ваъдамни бажараман.”
[20] Сўнгра Эгамиз Иброҳимга деди: — Садўм ва Ғамўра аҳолисининг разиллиги, уларнинг оғир гуноҳлари ҳақидаги оҳу фиғонлар Менга етиб келди.
[21] Мен пастга тушиб кўрай–чи, уларнинг ҳаммаси ҳақиқатан ҳам шунчалик гуноҳга ботиб кетибдимикан?!
[22] Шундан кейин икки киши Садўмга қараб йўл олди. Эгамиз эса Иброҳим билан қолди.
[23] Иброҳим Унга қараб, сўради: — Сен гуноҳкорни ҳам, бегуноҳни ҳам бирдай қириб ташлайверасанми?
[24] Айтайлик, шаҳарда элликта бегуноҳ одам топсанг, шаҳарни вайрон қилаверасанми? Бегуноҳ одамларнинг ҳақи–ҳурмати учун шаҳарга раҳм қилмайсанми?
[25] Наҳотки гуноҳсиз одамни гуноҳкор билан бирга йўқ қилсанг?! Асло! Сен гуноҳсизнинг бошига гуноҳкорнинг кунини солмайсан–ку! Ахир, Сен бутун оламнинг Ҳокимисан, адолат ила иш тутасан!
[26] — Агар Мен Садўмда элликта бегуноҳ одамни топсам, — деди Эгамиз, — уларнинг ҳақи–ҳурмати учун бутун шаҳарга раҳм қиламан.
[27] — Эй Раббий! Мен тупроқ ва кул бўлсам ҳам, Сенга гапираётганимда қўполлигим учун кечиргин, — деди Иброҳим.
[28] — Элликта бегуноҳ одамга бешта етмаса–чи? Бешта кам бўлгани учун бутун шаҳарни қириб ташлайсанми? — Агар у ерда қирқ бешта солиҳ одамни топсам, шаҳарни қириб ташламайман.
[29] Иброҳим Эгамизга яна гапирди: — Балки у ерда қирқта бегуноҳ одам топилар. — Ўша қирқта бегуноҳнинг ҳақи–ҳурмати учун бу ишни қилмайман, — деди Эгамиз.
[30] — Ё Раббий! — деди Иброҳим. — Гапирсам, Ўзинг кечиргайсан. Балки у ерда ўттизта бегуноҳ топилар? — Агар у ерда ўттизта бегуноҳ одамни топсам, шаҳарни қириб ташламайман, — деб жавоб берди У.
[31] — Раббий! Гапираётганимда қўполлигим учун кечиргин, — деди Иброҳим. — Балки у ерда йигирмата бегуноҳ одам топилар? — Ўша йигирмата бегуноҳ одамнинг ҳақи–ҳурмати учун шаҳарни қириб ташламайман, — деди У.
[32] — Раббий! Яна бир марта гапирсам, Ўзинг кечиргайсан, — деди Иброҳим. — Балки у ерда ўнта бегуноҳ одам топилар? — Ўша ўнта бегуноҳ одамнинг ҳақи–ҳурмати учун шаҳарни қириб ташламайман, — деб жавоб берди Эгамиз.
[33] Эгамиз Иброҳим билан гаплашиб бўлгач, Ўз йўлига кетди. Иброҳим ҳам чодирига қайтди.