[1] Шундай қилиб, Исҳоқ Ёқубни чақиртириб, уни дуо қилди ва шундай маслаҳат берди: — Канъонлик қизларга уйланма.
[2] Ҳозироқ Паддон–Орамга — бобонг Батувалнинг хонадонига жўна. У ерда тоғанг Лобоннинг қизларидан бирортасига уйлан.
[3] Қодир Худо барака бериб, сени кўпайтирсин. Сенинг наслингдан кўп халқлар келиб чиқсин.
[4] Худо Иброҳимга ваъда қилган баракасини сенга ва сенинг наслингга ато қилсин. Биз ҳозир мусофир бўлиб яшаётган, Худо Иброҳимга берган шу юрт сенинг мулкинг бўлсин.
[5] Шундай қилиб, Исҳоқ Ёқубни жўнатди. Ёқуб Паддон–Орамга — Орамлик Батувалнинг ўғли, тоғаси Лобонникига кетди.
[6] Эсов эшитдики, отаси Ёқубни дуо қилиб, уни Паддон–Орамга жўнатибди. Ёқуб ота–онасининг гапларига итоат этиб, Паддон–Орамга кетибди. Отаси Ёқубга: “Ўша ердан уйлангин”, дебди, “Канъонлик қизларга уйланма”, деб огоҳлантирибди.
[8] Канъонлик хотинлари отасига ёқмаслигини Эсов тушуниб етди.
[9] Эсов амакиси Исмоилнинг хонадонига борди ва хотинлари устига, Иброҳим ўғли Исмоилнинг қизларидан бирига уйланди. Янги хотинининг исми Махалат эди. Махалатнинг Наваёт деган акаси ҳам бор эди.
[10] Ёқуб Бершеба шаҳридан чиқиб, Хорон томонга қараб кетди.
[11] У бир жойга етиб келганда, кун ботган эди. Шунинг учун ўша ерда тунашга тўхтади. У бир тош топди–да, тошни бошининг остига қўйиб ухлагани ётди.
[12] Бир пайт у тушида бир зинапояни кўрди. Зинапоянинг пасти ерга, тепаси эса осмонга тегиб турганмиш. Худонинг фаришталари зинапоядан чиқиб, тушаётган эмишлар.
[13] Зинапоянинг ёнида Эгамиз турган эмиш. Эгамиз Ёқубга шундай дебди: — Мен бобонг Иброҳимнинг, отанг Исҳоқнинг Худоси — Эгангман. Ҳозир сен ётган ер ўзингники бўлади. Бу ерни сенга ва сенинг наслингга бераман.
[14] Сенинг наслинг ернинг қуми сингари сон–саноқсиз бўлади. Улар ғарбу шарққа, шимолу жанубга қараб ер юзига ёйилиб кетадилар. Ер юзидаги ҳамма халқлар сен ва сенинг наслинг орқали барака топади.
[15] Шуни билгинки, Мен сен билан биргаман, қаерга бормагин, Мен сени сақлайман. Шу юртга сени яна қайтариб олиб келаман. Мен сени ҳеч қачон тарк этмайман, берган ваъдаларимни охиригача бажараман.
[16] Ёқуб уйғониб кетди ва: “Ҳақиқатан ҳам Эгамиз шу ерда экан, мен эса буни билмабман”, деди.
[17] У қўрқиб кетди: “Бу жой Худонинг уйи экан, самога очиладиган дарвозанинг ўзи! Нақадар қўрқинчли–я бу жой!” деди.
[18] Ёқуб саҳарда турди. Бошининг остига қўйган тошни олиб, ёдгорлик қилиб ўрнатди. Кейин ёдгорлик тошининг устидан Худога атаб зайтун мойи қуйди.
[19] Илгари бу жойнинг номи Луз эди. Ёқуб эса бу жойга Байтил деб ном берди.
[20] Сўнг Ёқуб қуйидагича қасам ичди: “Агар Худо мен билан бирга бўлса, борадиган шу йўлимда мени асраса, менга ризқ–рўзимни ва кийим берса,
[21] отамнинг хонадонига эсон–омон қайтариб олиб келса, Эгам менинг Худойим бўлади.
[22] Мен ёдгорлик қилиб ўрнатган шу тош Худога сажда қиладиган жой бўлади. Худо менга берган ҳамма нарсанинг ўндан бирини ушр қилиб албатта бераман.”