[1] Канъон юртида қаҳатчилик ҳаддан ортиқ кучайди.
[2] Ёқубнинг ўғиллари Мисрдан олиб келган донни еб тугатишди. Шундан кейин Ёқуб ўғилларига: — Яна бориб, бир оз дон сотиб олиб келинглар, — деди.
[3] Яҳудо отасига шундай деди: — Ўша одам, укангизни олиб келмагунларингизча, кўзимга кўринманглар, деб бизни огоҳлантирган.
[4] Агар укамизни биз билан бирга жўнатсангиз, бориб, сизга дон сотиб олиб келардик.
[5] Лекин Беняминни юбормасангиз, биз ҳам бормаймиз. Чунки ўша одам, укангизни олиб келмасангиз, кўзимга кўринманглар, деб айтган.
[6] Ёқуб: — Нимага ўша одамга, яна укамиз бор, деб бошимга бало орттирдингиз?! — деб зорланди.
[7] Улар шундай жавоб бердилар: — У одам: “Отангиз ҳаётми? Бошқа укангиз ҳам борми?” деб ўзимиз, оиламиз тўғрисида сўраб–суриштирди. Биз унинг саволларига жавоб бердик. “Укангизни менинг олдимга олиб келинглар”, деб айтишини қаердан билибмиз?!
[8] Яҳудо отасига деди: — Укамизни мен билан жўнатинг, энди йўлга чиқайлик, токи сизу биз, болаларимиз очликдан ўлмай, тирик қолайлик.
[9] Унга мен ўзим кафил бўламан, у учун мени масъул деб билаверинг. Агар уни қайтариб олиб келиб қўлингизга топширмасам, умр бўйи сизнинг олдингизда айбдор бўлиб қолай.
[10] Агар орқага сурмаганимизда эди, ҳозиргача икки марта бориб келган бўлардик.
[11] Ниҳоят, Ёқуб ўғилларига деди: — Бошқа иложи йўқ экан, энди бундай қилинглар: юртимизнинг ноз–неъматларидан қопларингизга солинглар. Бир оз мумиё, асал, хушбўй зираворлар, мирра, писта, бодом ҳам олиб, ўша одамга ҳадя қилиб олиб боринглар.
[12] Ўтган сафар қопларингизга кумушларни солиб қайтариб юборишган эди, шунинг учун кумушни икки баробар кўп олинглар. Кимдир адашган бўлиши мумкин.
[13] Укангизни ҳам олинглар–у, ҳозироқ ўша одамнинг олдига жўнанглар.
[14] Ўша одам болаларимга раҳм қилсин, деб Қодир Худога илтижо қиламан, токи у Шимўн билан Беняминни қайтариб юборсин. Агарда фарзандларимдан жудо бўладиган бўлсам, майли, бўла қолай.
[15] Шундай қилиб, улар ҳар хил ҳадялар, икки баробар кўп кумуш олдилар–да, Беняминни ҳам эргаштириб, Мисрга шошилдилар. Мисрга етиб келиб, Юсуфнинг ҳузурига кирдилар.
[16] Юсуф уларнинг ёнида Беняминни ҳам кўрди ва қулбошисига буюрди: “Бу одамларни уйга олиб бор, биронта жонлиқ сўйиб, тайёргарлик кўр. Улар тушликни мен билан бирга ейдилар.”
[17] Қулбоши Юсуф айтгандай қилди: ака–укаларни Юсуфнинг уйига олиб кетди.
[18] Қулбоши ака–укаларни Юсуфнинг уйига олиб келгани учун, улар жуда қўрқиб кетишди. Улар бир–бирига дедилар: “Ўтган сафар қопларимизга кумушларимизни қайтариб солиб қўйишган эди. Шу сабабдан қулбоши бизни бу ерга олиб келган. Энди у бизни ўғриликда айблайди. Бизни ушлаб, қул қилиб олади, эшакларимизни ҳам тортиб олади.”
[19] Юсуфнинг дарвозаси олдида ака–укалар қулбошига айтдилар:
[20] — Кечирасиз, ҳазрат, биз ўтган сафар ҳам дон сотиб олгани келган эдик.
[21] Уйга қайтиб кетаётганимизда, тунда дам олгани бир жойда тўхтаб, қопларимизни очдик. Дон сотиб олганимизда тўлаган кумушимизнинг ҳаммаси қопларимизнинг ичида экан. Мана, ўша кумушларни қайтариб олиб келдик.
[22] Биз яна дон сотиб олгани қўшимча кумуш олиб келдик. Ким у кумушларни қопларимизга солиб қўйган экан, билмаймиз.
[23] — Хотиржам бўлинглар, — деди Юсуфнинг қулбошиси, — бу тўғрида хавотир олманглар. Дон сотиб олишга келтирган кумушларингизнинг ҳаммасини мен олган эдим. Худойингиз — отангизнинг Худоси қопларингизга хазина солиб қўйган бўлса керак. Сўнг қулбоши Шимўнни уларнинг олдига олиб келди.
[24] Қулбоши ака–укаларни Юсуфнинг уйига олиб келгандан кейин, уларга сув берди. Ака–укалар оёқларини ювиб олишди. Қулбоши уларнинг эшакларига ҳам ем берди.
[25] Ака–укаларга, Юсуф ҳазрати олийлари билан бирга тушлик қиласизлар, деб айтишди. Шунинг учун Юсуф келгунча, улар ҳадяларини тайёрлаб қўйдилар.
[26] Юсуф уйга келгач, улар ҳадяларини Юсуфга бериб, мук тушиб таъзим қилишди.
[27] Юсуф улардан ҳол–аҳвол сўради. — Отангизнинг аҳволлари қалай? Кекса отамиз бор, деб айтган эдингиз. У ҳозир ҳам ҳаётми?
[28] — Қулингиз — отамиз яхши юрибдилар, ҳозир ҳаётлар, — деб жавоб беришди ака–укалар. Сўнг улар Юсуфга эгилиб таъзим қилишди.
[29] Юсуф туғишган укаси Беняминни кўриб, улардан сўради: — Кенжа укамиз бор, деб айтган эдингиз. Шу бола укангизми? Худо сенга марҳамат қилсин, ўғлим!
[30] Юсуф шундай деб, укасига меҳри товланиб кетганидан йиғлаб юборай дерди. Шунинг учун Юсуф дарров ичкари хонага чиқди–ю, у ерда йиғлаб юборди.
[31] Бир оздан кейин Юсуф юзини ювиб, ўзини қўлга олди ва ака–укаларининг олдига қайтиб кирди. “Таомлар келтирилсин!” деб буйруқ берди.
[32] Юсуфга алоҳида дастурхонда, ака–укаларига эса бошқа дастурхонда таомлар тортилди. Юсуфникидаги Мисрликлар эса алоҳида дастурхонда таом ейишди. Мисрликлар ибронийлар билан дастурхон атрофида бирга ўтириб овқат ейишдан ҳазар қилишар эди.
[33] Юсуф ҳар бир акасига қайси жойда ўтиришини кўрсатди. Ҳар бирини ёши бўйича, катта–кичиклигига қараб ўтқазди. Ака–укалар бир–бирларига таажжуб билан қараб қўйдилар.
[34] Ака–укаларга таомларни Юсуфнинг дастурхонидан тарқатишди. Беняминга берилган таом бошқа акалариникига қараганда беш ҳисса кўп эди. Ака–укалар таомни еб, Юсуф билан бирга май ичиб, хушнуд бўлдилар.