[1] Шундай қилиб, осмон билан ер ҳамда улардаги жамики нарсалар яратилди.
[2] Еттинчи куни Худо барча яратиш ишларини битириб, дам олди. Худо еттинчи куни ҳамма ишларидан дам олгани учун бу кунни муборак қилди, уни муқаддас деб бошқа кунлардан ажратди.
[4] Осмон билан ернинг яратилиши ана шулардан иборатдир. Парвардигор Эгамиз осмон билан ерни яратган пайтда
[5] ер юзида на бирон ўт, на бирон гиёҳ унган эди. Чунки Парвардигор Эгамиз ҳали ерга ёмғир ёғдирмаган, ерга ишлов берадиган бирон кимса яратмаган эди.
[6] Лекин ер остидан сув чиқиб, бутун ер юзини суғорарди.
[7] Шундан кейин Парвардигор Эгамиз ернинг тупроғидан одамни ясади ва унинг бурун тешигидан пуфлаб, жон ато этди. Шундай қилиб, одам тирик жон бўлди.
[8] Парвардигор Эгамиз шарқда — Адан деган жойда боғ барпо қилиб, Ўзи яратган одамни ўша боққа қўйди.
[9] Кейин Парвардигор Эгамиз ердан чиройли, лаззатли мева берадиган ҳар хил дарахтларни ўстирди. Боғнинг ўртасида эса ҳаёт дарахтини ва яхшилик билан ёмонликни билиш дарахтини ўстирди.
[10] Адандан бир дарё оқиб келиб, боғни суғоради ва ўша ерда тўрт ирмоққа бўлинади.
[11] Биринчи ирмоқнинг номи Пишон бўлиб, бутун Хавила ери бўйлаб оқади. Бу жойда олтин бор.
[12] Ўша ернинг олтини жуда ҳам тозадир. У ерда марварид ва ақиқ тошлар ҳам бор.
[13] Иккинчи ирмоқнинг номи Гихўн бўлиб, бутун Куш ери бўйлаб оқади.
[14] Учинчи ирмоқнинг номи Дажла бўлиб, Оссурия шаҳрининг шарқидан оқиб ўтади. Тўртинчи ирмоқнинг номи Фуротдир.
[15] Шундай қилиб, Парвардигор Эгамиз, бу одам боққа ишлов берсин, парвариш қилсин деб, уни Адан боғига жойлаштирди.
[16] Парвардигор Эгамиз унга шундай амр қилди: “Сен боғдаги ҳамма дарахтнинг мевасидан бемалол еявер.
[17] Лекин яхшилик ва ёмонликни билиш дарахтининг мевасидан емайсан, ундан ейишинг биланоқ, шубҳасиз, ўласан.”
[18] Сўнгра Парвардигор Эгамиз: “Одамнинг ёлғиз бўлиши яхши эмас, унга муносиб шерик яратаман”, деди.
[19] Шундай қилиб, У тупроқдан ҳар хил ҳайвонларни ва ҳар хил қушларни яратди. “Бу жониворларни одам кўриб қанақа ном бераркин”, дея уларни одамнинг олдига олиб келди. Одам ҳар бир жонивор учун ном танлади.
[20] Одам ҳамма чорвага, қушларга ва ёввойи ҳайвонларга ном берди. Лекин ҳамон одамга муносиб шерик йўқ эди.
[21] Шу боисдан Парвардигор Эгамиз уни қаттиқ ухлатиб қўйди. Одам ухлаб ётганда, Худо унинг қовурғасидан биттасини олиб, ўрнини беркитиб қўйди.
[22] Парвардигор Эгамиз одамнинг қовурғасидан хотин кишини яратди ва уни одамнинг олдига олиб келди.
[23] Шунда одам айтди: “Ниҳоят, бу менинг суякларимдан пайдо бўлган суякдир, Менинг этимдан яралган этдир. У Хотин деб аталгай, Чунки у эркакдан яратилгандир.”
[24] Шунинг учун эркак киши ота–онасидан бўлак бўлиб, хотинига боғланиб қолади, иккаласи бир тан бўладилар.
[25] Одам билан хотини қип–яланғоч юрардилар, бир–бирларидан уялиш ҳиссини сезмасдилар.