[1] Шундан кейин Эгамиз Ибромга деди: “Ўз юртингдан, қариндош–уруғларинг олдидан — отанг хонадонидан чиқиб кет. Мен сенга бир юртни кўрсатаман, ўша ерга борасан.
[2] Буюк халқнинг отаси қиламан сени, Барака бераман сенга, Улуғ қиламан сенинг номингни, Барака манбаи бўласан сен.
[3] Мен барака берарман сени дуо қилганларга, Сени лаънатлаганларни Мен лаънатлайман. Сен орқали барака топарлар Ер юзидаги жамики халқлар.”
[4] Эгамиз амр қилгандай, Ибром кетди. Лут ҳам Ибром билан бирга кетди. Ибром Хорондан чиқиб кетганда, етмиш беш ёшда эди.
[5] Ибром хотини Сорайни, жияни Лутни, Хоронда хизматга олган одамларини бошлаб, тўплаган жамики мол–мулкини олиб, Канъон юртига қараб йўлга тушди. Ниҳоят, улар Канъон юртига етиб келишди.
[6] Ибром бу юртда кўчиб юриб, Шакам яқинидаги Мўре номли муқаддас эман дарахти ёнига етиб келиб тўхтади. Ўша пайтларда бу юртда Канъон халқи яшарди.
[7] Шу ерда Эгамиз Ибромга зоҳир бўлиб: “Мана шу юртни сенинг наслингга бераман”, деди. Шундай қилиб, Ибром зоҳир бўлган Эгамизга атаб ўша ерда қурбонгоҳ қурди.
[8] Шундан сўнг Ибром Байтилнинг шарқидаги қирларга йўл олди. Байтил билан Ай шаҳарларининг ўртасида чодир тикди. Чодирдан ғарб томонда Байтил, шарқ томонда Ай шаҳарлари бор эди. Бу ерда у қурбонгоҳ қуриб, Эгамизга сажда қилди.
[9] Ибром у жойдан бу жойга кўчиб, жанубга — Нагав чўлига кетди.
[10] Ўша пайтда Канъонда қаҳатчилик ҳаддан ортиқ авжига чиқди. Шунинг учун Ибром, қаҳатчилик тугагунча кутиб турай деб, Мисрга йўл олди.
[11] Ибром Миср чегарасига яқинлашганда, хотини Сорайга деди: — Сен жуда ҳам гўзал аёлсан.
[12] Мисрликлар сени кўрганларида: “Манави аёл — унинг хотини”, деб айтишади. Мени ўлдириб, сени тирик қолдиришади.
[13] Сен, унинг синглисиман, деб айтгин, токи сен туфайли Мисрликлар менга яхши муносабатда бўлсинлар, жонимга раҳм қилсинлар.
[14] Ибром Мисрга кириб келганда, Сорайнинг гўзаллиги ҳамманинг оғзида дув–дув гап бўлди.
[15] Сарой аъёнлари ҳам Сорайни кўришгач, уни фиръавнга роса мақташди. Шундай қилиб, Сорайни фиръавннинг саройига олиб келишди.
[16] Фиръавн Сорай туфайли Ибромга ҳам кўп мурувват қилди: мол–қўй, эшаклар, қул ва чўрилар, туялар инъом қилди.
[17] Лекин фиръавн Сорайни ўз ҳарамига олмоқчи бўлгани учун, Эгамиз фиръавн хонадонига даҳшатли ўлат касаллигини юборди.
[18] Фиръавн Ибромни чақиртириб келиб, унга деди: — Бу нима қилганинг? Нима қилиб қўйдинг мени? Нимага Сорай хотининг эканини менга айтмадинг?
[19] Нимага, у менинг синглим, деб айтдинг? Гапингга ишониб, уни ўзимга хотин қилиб олмоқчи бўлдим–а! Мана хотининг, ол–да, кўзимдан йўқол!
[20] Фиръавн ўз одамларига фармон берган эди, улар Ибромни хотини, ҳамма одамлари ва мол–мулки билан бирга юртдан чиқариб юбордилар.