Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 6:21

[1] Шундай қилиб, Ёқуб бутун мол–мулкини олиб, йўлга чиқди. У Бершебага етиб келиб, отаси Исҳоқнинг Худосига қурбонликлар қилди.

[2] Тунда Худодан Ёқубга ваҳий келди: — Ёқуб! Ёқуб! — Лаббай! — деди у.

[3] — Мен Худоман, отангнинг Худосиман, — деди Худо. — Қўрқмасдан Мисрга боравер, Мен у ерда сендан буюк халқ яратаман.

[4] Мен сен билан бирга Мисрга бораман. Сен Юсуфнинг қўлида жон берасан. Вақти келиб, Сенинг наслингни Ўзим Мисрдан олиб чиқаман.

[5] Сўнгра Ёқуб Бершебадан кетди. Ўғиллар отасини, болаларини, хотинларини фиръавн юборган араваларга ўтқаздилар.

[6] Улар Канъонда орттирган чорвасини, ҳамма мол–мулкини олиб, Мисрга кетдилар. Ёқуб ва унинг ҳамма оила аъзолари

[7] — ўғиллари, қизлари ва набиралари кетдилар.

[8] Мисрга кетган Исроил халқи, яъни Ёқуб наслининг исмлари қуйидагичадир: Ёқубнинг тўнғич ўғли Рубен ва

[9] унинг ўғиллари — Ханўх, Паллув, Хазрон ва Карми.

[10] Шимўн ва унинг ўғиллари — Ямувол, Ёмин, Охад, Ёхин, Зўхар ва Шовул. (Шовулнинг онаси Канъонлик эди.)

[11] Леви ва унинг ўғиллари — Гершон, Қоҳот, Марори.

[12] Яҳудо ва унинг ўғиллари — Ғур, Ўнан, Шело, Параз ва Зерах. (Лекин Ғур ва Ўнан Канъон юртида вафот этган эдилар.) Параз ва унинг ўғиллари — Хазрон ва Хомул.

[13] Иссахор ва унинг ўғиллари — Тўло, Пувах, Ёшув ва Шимрон.

[14] Забулун ва унинг ўғиллари — Саред, Элўн ва Яхлиёл.

[15] Леахнинг бу ўғиллари ва қизи Дина Паддон–Орамда туғилган эдилар. Ёқубнинг Леахдан тарқалган насли жами бўлиб ўттиз уч киши эди.

[16] Гад ва унинг ўғиллари — Зафўн, Хаги, Шуно, Эзбўн, Эри, Арўд ва Эрали.

[17] Ошер ва унинг ўғиллари — Йимнах, Йишво, Йишви ва Бариё. Буларнинг Серах деган сингиллари ҳам бор эди. Бариёнинг ўғиллари — Хабер ва Малхиёл.

[18] Зилпо Ёқубга туғиб берган насл ана шулардир. Улар ҳаммаси бўлиб ўн олти киши эди. Лобон Зилпони қизи Леахга чўри қилиб берган эди.

[19] Ёқубнинг хотини Роҳила туққан ўғиллар — Юсуф билан Бенямин.

[20] Юсуф Миср юртида икки ўғил — Манаше ва Эфрайимни кўрди. Юсуфнинг хотини Осанат Он шаҳрининг руҳонийси Пўтиферонинг қизи эди.

[21] Бенямин ўғиллари — Белах, Бохир, Ошбол, Гера, Нўъмон, Эхи, Рўш, Мупим, Хупим ва Ард.

[22] Ёқубнинг Роҳиладан тарқалган насли ана шулардир. Улар ҳаммаси бўлиб ўн тўрт киши эди.

[23] Дан ва унинг ўғли — Хушим.

[24] Нафтали ва унинг ўғиллари — Яхзиёл, Гўно, Изар ва Шиллем.

[25] Ёқубнинг Билхахдан тарқалган насли ана шулардир. Билхахни Лобон қизи Роҳилага чўри қилиб берган эди. Ҳаммаси бўлиб етти киши эди.

[26] Ёқуб билан бирга Мисрга келган унинг насли ҳаммаси бўлиб олтмиш олти киши эди. Келинлари бу ҳисобга кирмасди.

[27] Юсуф Мисрда икки ўғил кўрган эди. Шундай қилиб, Ёқуб хонадонидан Мисрга келганлар ҳаммаси бўлиб етмиш киши эди.

[28] Ёқуб Яҳудони Юсуфнинг олдига: “Бизни Гўшен ерларида кутиб ол” деган хабар билан ўзларидан олдин жўнатди. Улар Гўшенга етиб келганларида,

[29] Юсуф аравасини қўшиб, отасини кутиб олиш учун Гўшенга борди. Юсуф отасини кўриши биланоқ, уни қучоқлаб, бўйнига осилиб, узоқ йиғлади.

[30] Ёқуб Юсуфга: — Тирик эканингни кўзларим билан кўрдим, энди ўлсам ҳам армоним йўқ, — деди.

[31] Юсуф ака–укаларига, отаси хонадонининг қолган аҳлига деди: — Мен бориб, фиръавнга: “Канъон юртидан ака–укаларим, отамнинг қолган оила аъзолари менинг олдимга келишди”, деб хабар берайин.

[32] Мен фиръавнга яна: “Улар чўпон, чорвадорлик билан шуғулланишади, мол–қўйларини, бор мулкини олиб келишибди”, деб айтайин.

[33] Фиръавн сизларни чақириб: “Касб–корингиз нима?” деб сўраб қолса,

[34] унга: “Биз, қулларингиз, ёшлигимиздан ҳозиргача чўпонлик билан машғулмиз, ота–боболаримиз ҳам чўпон бўлиб ўтишган”, деб айтинглар. Токи Гўшен ерларига ўрнашиб олишларингизга у ижозат берсин. Чунки Мисрликлар чўпонлардан ҳазар қилишади.

Ибтидо (Тавротнинг биринчи китоби) — Chapters