Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 8:12

[1] Сора 127 ёшида,

[2] Канъон юртидаги Хират–Арбада вафот этди. (Хират–Арба ҳозир Хеврон деб юритилади.) Иброҳим Сорага аза тутиб, йиғлади.

[3] У Соранинг жасадини қолдириб, Хет халқидан бўлган оқсоқоллар олдига борди ва уларга деди:

[4] — Мен сизларнинг орангизда яшаётган бир мусофирман. Илтимос, менга ерингиздан озгина жойини сотинглар, токи марҳумамни дафн қилай.

[5] Хет халқидан бўлган оқсоқоллар Иброҳимга шундай жавоб беришди:

[6] — Гапимизга қулоқ солинг, тўрам! Биз сизни улуғ бек деб ҳисоблаймиз. Хотинингизни дафн қилишингиз учун жойларимиздан энг яхшисини танлаб олинг. Марҳумангизни дафн қилишингиз учун бирортамиз сиздан мақбара учун ер аямаймиз.

[7] Иброҳим уларга эгилиб таъзим қилди.

[8] Кейин деди: — Марҳумамни дафн қилишимга рози экансизлар, энди менинг гапимга қулоқ солинглар, Зўхар ўғли Эфрўнга менинг илтимосимни етказинглар.

[9] У ўзининг Махпаладаги даласининг четида жойлашган ғорни менга сотсин. Мен ғорнинг тўлиқ нархини тўлайман, токи сизларнинг гувоҳлигингизда ғор менинг хонадоним учун мақбара бўлсин.

[10] Эфрўн шу пайтда шаҳар дарвозасида йиғилган ўз халқи орасида ўтирган эди. У жамики Хет халқига эшиттириб, Иброҳимга шундай жавоб берди:

[11] — Тўрам, энди менинг гапимни эшитсинлар. Мен даламни, даламдаги ғорни ҳам сизга инъом қиламан. Халқимнинг гувоҳлигида буларни сизга бераман. Марҳумангизни дафн қилаверинг.

[12] Иброҳим юрт халқига яна таъзим қилди.

[13] У юрт халқига эшиттириб, Эфрўнга шундай жавоб берди: — Раҳмат, лекин мен бутун далангиз учун кумуш тўлаб, сотиб олай, токи марҳумамни у ерга олиб бориб, дафн қилай. Илтимос, менинг таклифимни рад этманг.

[14] — Э тўрам, — деди Эфрўн Иброҳимга, — тўрт юз бўлак кумуш турадиган бир парча ер бизнинг орамизда нима бўпти?! Марҳумангизни дафн қилаверинг.

[16] Иброҳим рози бўлиб, Эфрўн ҳаммага эшиттириб айтган тўрт юз бўлак кумушни унга тортиб берди. Бу ўлчов савдогарлар орасида муомалада эди.

[17] Шундай қилиб, Эфрўннинг Мамре шарқида жойлашган Махпаладаги мулки Иброҳимга ўтди. Мулк далани, даладаги ғорни ва даланинг четидаги ҳамма дарахтларни ўз ичига олар эди.

[18] Булар шаҳар дарвозасида йиғилган Хет халқининг гувоҳлигида Иброҳимнинг доимий мулки бўлиб қолди.

[19] Шундан кейин Иброҳим Канъон юртида Мамре шарқидаги Махпала даласининг четида жойлашган ғорга хотини Сорани дафн қилди. (Мамре Хевронда жойлашган.)

[20] Шундай қилиб, Хет халқига қарашли бўлган дала ва у ердаги ғор мақбара сифатида Иброҳимнинг доимий мулки бўлиб қолди.

Ибтидо (Тавротнинг биринчи китоби) — Chapters