[1] Ер юзида инсонлар борган сари кўпая бошлади. Қизлар ҳам туғилган эди.
[2] Илоҳий зотлар, бу қизлар чиройли экан, деб ёқтирганларини ўзларига хотин қилиб олавердилар.
[3] Шунда Эгамиз айтди: “Мен ато этган Руҳ инсонлар билан абадий қолмайди, чунки улар ўладиган жонлардир. Келгусида улар 120 йил умр кўрсин.”
[4] Ўша кунларда, ундан кейин ҳам бу оламда улкан паҳлавонлар яшади. Илоҳий зотлар билан аёл зотидан туғилган бу паҳлавонлар қадимги даврнинг буюк қаҳрамонлари, машҳур жангчилари бўлган эдилар.
[5] Эгамиз кўрдики, ер юзида инсон зоти қилаётган қабиҳликлар жуда ҳам кўп экан. Уларнинг кўнглида фақат қабиҳ ният бор экан.
[6] Эгамиз ер юзида инсонларни яратганидан пушаймон бўлди, юракдан афсусланди.
[7] Эгамиз айтди: “Ўзим яратган инсон зотини ер юзидан қириб юбораман. Мен инсон билан бирга ҳайвонларни, судралиб юрувчи жониворларни, ҳашаротларни, қушларни ҳам қираман, уларни яратганимдан пушаймон бўляпман.”
[8] Фақат Нуҳ Эгамизнинг марҳаматига сазовор бўлган эди.
[9] Нуҳнинг насл–насаби тарихи қуйидагичадир: Ўша даврда ер юзидаги солиҳ, бенуқсон одам фақат Нуҳ бўлиб, Худога ҳамроҳ бўлиб яшарди.
[10] Нуҳнинг Сом, Хом, Ёфас деган учта ўғли бор эди.
[11] Эндиликда ер юзи Худонинг олдида ахлоқсизликка, зўравонликка тўлиб–тошиб кетган эди.
[12] Худо кўрдики, олам бузилиб кетган, ер юзидаги жамики инсоният йўлдан озган эди.
[13] Худо Нуҳга айтди: “Мен бутун ер юзидаги инсонларни қириб ташлашга қарор қилдим. Чунки ер юзи уларнинг дастидан зўравонликка тўлиб–тошди. Энди уларни бутун ер билан бирга йўқ қилмоқчиман.
[14] Қаттиқ ёғочдан ўзингга кема яса, кеманинг ичида хоналар ҳам ясаб, кеманинг ички ва ташқи томонини қора сақич билан суваб чиқ.
[15] Кеманинг узунлиги 300 тирсак, кенглиги 50 тирсак, баландлиги 30 тирсак бўлсин.
[16] Кеманинг томини ясаганингда, том билан кеманинг девори оралиғида бир тирсак очиқ жой қолдир. Эшигини кеманинг ён томонидан яса. Кемани уч қаватли қилиб яса.
[17] Мен ер юзини тўфонга бостириб, тирик жонзотнинг ҳаммасини қириб ташлайман. Ер юзидаги жамики мавжудот нобуд бўлади.
[18] Сен билан эса Мен аҳд қиламан. Сен кема ичига кирасан, сен билан бирга ўғилларинг, хотининг, келинларинг ҳам киради.
[19] Ҳайвонларнинг ҳар бир туридан бир жуфтдан — эркаги ва урғочисидан кема ичига ўзинг билан олиб кирасан, токи тўфон пайтида улар сен билан бирга тирик қолсин.
[20] Қушларнинг, ҳайвонларнинг, судралиб юрувчи жониворларнинг ва ҳашаротларнинг ҳар бир туридан жуфт–жуфт қилиб, ўзинг билан олиб кирасан, токи улар тирик қолсин.
[21] Ўзинг билан озиқ–овқатларнинг ҳар бир туридан ғамлаб ол. Озиқ–овқатлар оиланг билан барча жонзотларга егулик бўлади.”
[22] Нуҳ ҳамма нарсани Худо амр этгандай қилди.