[1] Шу орада юртда қаттиқ очарчилик бўлди, бундай очарчилик илгари Иброҳим даврида ҳам юз берган эди. Исҳоқ Гарор шаҳрига кўчиб кетди. У ерда Филистлар шоҳи Абумалек яшарди.
[2] Эгамиз Исҳоққа зоҳир бўлиб, деди: — Мисрга борма. Мен сенга кўрсатадиган юртда ўрнашиб,
[3] ўша ерда яшаб тур. Агар шундай қилсанг, Мен сен билан бирга бўламан, сенга барака бераман. Мана шу ерларнинг ҳаммасини сенга ва сенинг наслингга бераман. Отанг Иброҳимга берган ваъдамда тураман.
[4] Мен сенинг наслингни осмондаги юлдузлар каби сон–саноқсиз қиламан. Мана шу ерларнинг ҳаммасини сенинг наслингга бераман. Сенинг наслинг орқали ер юзидаги ҳамма халқлар барака топадилар.
[5] Иброҳим Менинг талабларимга, амрларимга, фармонларимга, қонунларимга итоат этгани учун сенга барака бераман.
[6] Шундай қилиб, Исҳоқ Гарор шаҳрида ўрнашиб қолди.
[7] Бу ердаги одамлар Исҳоқдан Ривқо тўғрисида сўраганларида, “У менинг синглим”, деб жавоб берарди. “У менинг хотиним”, деб айтишдан қўрқар эди. Ривқо жуда чиройли бўлгани сабабли: “Одамлар уни тортиб олиш учун мени ўлдирадилар”, деб ўйларди.
[8] Орадан анча вақт ўтди. Бир куни Исҳоқ Ривқони эркалатаётганда, Филистлар шоҳи Абумалек деразадан кўриб қолди.
[9] Абумалек Исҳоқни чақиртирди. — У сенинг хотининг экан–ку! Нимага уни, синглим, деб айтдинг? — деб сўради. — Агар хотиним деб айтсам, бирортаси уни тортиб олиш учун мени ўлдиради, деб қўрқдим, — деди Исҳоқ.
[10] — Бу нима қилганинг–а?! Ахир, одамларимдан бири хотининг билан осонликча бирга бўлиши мумкин эди–ку! Ундай ҳолда бизни гуноҳкор қилиб қўйган бўлардинг!
[11] Шундай қилиб, Абумалек: “Кимки бу одамга ёки унинг хотинига озор етказса, ўша одамнинг жазоси ўлимдир”, деб фармон бериб, ҳаммани огоҳлантирди.
[12] Исҳоқ у ерда даласига уруғ сепди. Эгамиз унга марҳамат кўрсатгани учун эккан уруғига нисбатан юз баробар кўп ҳосил олди.
[13] Исҳоқ бойиб кетди, бойлиги тобора кўпайиб бораверди.
[14] Унинг қўй–эчки сурувлари, мол подалари, хизматкорлари кўп эди. Шу сабабдан Филистлар Исҳоққа ҳасад қилишарди.
[15] Улар Исҳоқнинг ҳамма қудуқларини тупроққа тўлдириб ташлашди. Иброҳим ҳаётлигида бу қудуқларни ўзининг хизматкорларига қаздирган эди.
[16] Абумалек Исҳоққа: “Бизнинг еримиздан кет, сен биздан кўра, жуда кучайиб кетдинг”, деди.
[17] Исҳоқ бу ердан кетиб, Гарор сойлигида чодир тикиб, ўша ерда ўрнашиб олди.
[18] Иброҳим бу ерда қудуқлар қаздирган, лекин унинг вафотидан кейин Филистлар бу қудуқларни кўмиб юборган эдилар. Исҳоқ ўша қудуқларни қайтадан қаздирди. Исҳоқ қудуқларга отаси қўйган номларни берди.
[19] Унинг хизматкорлари сув топиш учун Гарор сойлигида ерни қазиётганларида, булоқ отилиб чиқди.
[20] Лекин Гарорлик чўпонлар келишиб: “Бу булоқ бизники”, деб булоқни талаб қилдилар. Шундай қилиб, улар Исҳоқнинг чўпонлари билан қудуқ устида жанжаллашиб қолдилар. Шунинг учун Исҳоқ қудуққа Жанжал деб ном берди.
[21] Сўнгра Исҳоқнинг одамлари бошқа қудуқ қазидилар. Лекин бу қудуқ устида ҳам келишмовчилик юз берди. Шунинг учун Исҳоқ бу қудуққа Зиддият деб ном берди.
[22] Исҳоқ бу ердан ҳам кўчиб, бошқа қудуқ қаздирди. Ерли аҳоли охири уларни ўз ҳолига қўйди. Исҳоқ: “Ниҳоят, Эгам бу юртда яшашимиз учун бизга кенг жой берди, энди биз бу ерда яйраб–яшнаб кетамиз”, дея қудуққа Кенглик деб ном берди.
[23] Исҳоқ бу ердан ҳам Бершебага кўчиб кетди.
[24] Ўша куни кечаси Эгамиз Исҳоққа зоҳир бўлиб, деди: — Мен отанг Иброҳимнинг Худосиман. Қўрқма, Мен сен билан биргаман. Ўз қулим Иброҳимнинг ҳақи–ҳурмати учун сенга барака бераман, сенга сон–саноқсиз насл ато қиламан.
[25] Исҳоқ у ерда қурбонгоҳ қуриб, Эгамизга сажда қилди, ўша ерда чодирини тикди. Исҳоқнинг хизматкорлари у ерда қудуқ қазидилар.
[26] Абумалек маслаҳатчиси Охизат ва лашкарбошиси Пихол билан бирга Гарордан Исҳоқнинг олдига борди.
[27] Исҳоқ уларга деди: — Нимага менинг олдимга келдингиз? Менга адоват билан қараб, ерингиздан чиқариб юборган эдингиз–ку!
[28] — Бизга энди аён бўлди: Эганг сен билан бирга экан. Шунинг учун сен билан биз онт ичиб, аҳд қилайлик, дедик.
[29] Биз сенга ҳеч қандай ёмонлик қилмаган эдик, аксинча, олижаноблик қилиб, эсон–омон жўнатиб юборган эдик. Сен ҳам: “Сизларга ёмонлик қилмайман”, деб қасам ич. Сен Худонинг ёрлақагани экансан.
[30] Исҳоқ уларга зиёфат тайёрлади. Улар еб–ичдилар.
[31] Эртаси куни улар эрта тонгда туриб, бир–бирларига қасамёд қилдилар. Сўнгра Исҳоқ уларни уйларига эсон–омон жўнатиб юборди.
[32] Ўша куни Исҳоқнинг хизматкорлари келиб: “Биз сув топдик”, деб унга ўзлари қазиган қудуқ тўғрисида айтдилар.
[33] Исҳоқ бу қудуққа Қасамёд деб ном қўйди. Шунинг учун шаҳарнинг номи бугунгача Бершебадир.
[34] Эсов қирқ ёшида Хет халқидан иккита қизга — Бэри деган кишининг Яҳудит исмли қизига ва Элўн деган кишининг Босимат исмли қизига уйланди.
[35] Эсовнинг бу хотинлари Исҳоқ билан Ривқонинг бошига кўп қора кунларни солдилар.