Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 5:43

[1] Худо Ёқубга деди: — Қани, отлан, Байтилга кўчиб бор, ўша ерда жойлашиб, Менга атаб қурбонгоҳ ўрнат. Сен аканг Эсовдан қочиб кетаётганингда, Мен у ерда сенга зоҳир бўлган эдим.

[2] Ёқуб хонадонидагиларга ва ёнидагиларга айтди: — Бегона худоларингизни йўқотинглар, ўзларингизни поклаб, тоза кийимларингизни кийинглар.

[3] Энди бу ердан кетиб, Байтилга борамиз. У ерда мен Худога қурбонгоҳ қураман. Кулфатда қолганимда, Худо менга мадад берган эди. Қаерга борсам, У мен билан бирга бўлди.

[4] Ҳаммалари бегона худоларини, зиракларини Ёқубга беришди. Ёқуб бу нарсаларни Шакам яқинидаги эман дарахтининг остига кўмди.

[5] Ёқуб хонадонидагиларини бошлаб йўлга тушганда, Худо бутун атрофдаги шаҳарлар аҳолисига қўрқув юборди. Шунинг учун ҳеч ким уларни таъқиб қилмади.

[6] Ниҳоят, Ёқуб бутун хонадон аҳлини бошлаб Луз шаҳрига етиб келди. (Луз ҳозир Байтил деб юритилади.)

[7] Ёқуб бу ерда бир қурбонгоҳ қуриб, бу жойни Байтилнинг Худоси деб атади. Ёқуб акасидан қочиб кетаётганда, Худо Ўзини унга шу ерда зоҳир қилган эди.

[8] Шу орада Ривқонинг энагаси Добира вафот этди. Уни Байтилнинг ёнидаги эман дарахти остига дафн қилдилар. Ўшандан буён бу дарахт Йиғи дарахти деб юритилади.

[9] Ёқуб Паддон–Орамдан қайтиб келгандан кейин, Худо унга яна зоҳир бўлди ва унга марҳамат кўрсатиб, деди:

[10] “Сенинг исминг Ёқуб, лекин бундан кейин сени Ёқуб деб чақирмайдилар, сенинг исминг Исроил бўлади.” Шунинг учун у Исроил деб ном олди.

[11] Худо шундай деди: — Мен Қодир Худоман, баракали бўл, наслинг кўп бўлсин. Буюк халқ, ҳатто кўп халқлар сендан пайдо бўлади. Сен шоҳларнинг бобоси бўласан.

[12] Мен Иброҳимга ва Исҳоққа ваъда қилган юртни сенга бераман. Сендан кейин бу ерни наслингга бераман.

[13] Шундан кейин Худо Ёқубга гапирган жойидан кетди.

[14] Ёқуб ўша жойга ёдгорлик тоши ўрнатди. Сўнгра ёдгорлик тоши устига Худога атаб шароб ва зайтун мойи қуйди.

[15] Ёқуб бу жойга Байтил деб ном берди.

[16] Ёқуб билан унинг оиласи Байтилдан чиқиб, Эфрат томон йўл олдилар. Улар Эфратга ҳали етиб бормасдан, Роҳиланинг кўзи ёрийдиган пайти келди, уни қаттиқ тўлғоқ тутиб қолди.

[17] Роҳила тўлғоқдан кўп азоб чеккандан кейин, ниҳоят, дояси: “Қўрқма, яна ўғил туғдинг”, деди.

[18] Роҳила жон бераётганда, охирги нафасда ўғлининг исмини Бенўн деб қўйди. Отаси эса унга Бенямин деб исм қўйди.

[19] Шундай қилиб, Роҳила вафот этди ва Эфрат йўлида дафн қилинди. (Эфрат ҳозир Байтлаҳм деб юритилади.)

[20] Ёқуб Роҳиланинг қабрига ёдгорлик тоши ўрнатди. Бу тош шу кунгача бор.

[21] Шундан кейин Ёқуб яна кўчиб, Эдер минораси ортида чодирини тикди.

[22] Ёқуб ўша ерда яшаётганда, Рубен отасининг чўриси Билхахнинг ёнига кирди. Ёқуб буни эшитиб қолди. Ёқубнинг ўн иккита ўғли бор эди:

[23] Леах туққан ўғиллари — Рубен (Ёқубнинг тўнғич ўғли), Шимўн, Леви, Яҳудо, Иссахор ва Забулун.

[24] Роҳила туққан ўғиллари — Юсуф билан Бенямин.

[25] Роҳиланинг чўриси Билхах туққан ўғиллари — Дан билан Нафтали.

[26] Леахнинг чўриси Зилпо туққан ўғиллари — Гад билан Ошер. Ёқубнинг Паддон–Орамда туғилган ўғиллари ана шулар эди.

[27] Ёқуб Мамрега — Хират–Арбага отасининг уйига келди. (Хират–Арба ҳозир Хеврон деб юритилади.) Иброҳим ва Исҳоқ Хевронда истиқомат қилган эдилар.

[28] Исҳоқ 180 йил умр кўрди.

[29] У кексайиб, ёшини яшаб оламдан ўтди. Ўғиллари Эсов билан Ёқуб уни дафн қилишди.

Ибтидо (Тавротнинг биринчи китоби) — Chapters