Skip to content
Opens in a new window
Listen to this chapter • 5:14

[1] Бутун ер юзида битта тил бўлиб, ҳамма одамлар бир хил сўзлашардилар.

[2] Одамлар шарқдан кўчиб, Шинар еридаги бир текисликка келдилар ва ўша ерда жойлашдилар.

[3] Одамлар бир–бирларига: “Келинглар, ғишт қуйиб, яхшилаб пиширайлик”, дедилар. Шундай қилиб, улар қурилиш учун ғиштдан, қоришма учун қора сақичдан фойдаланадиган бўлдилар.

[4] Кейин одамлар айтдилар: “Келинглар, ўзимиз учун шаҳар қурайлик, шаҳар минорасининг чўққилари осмонга тегиб турсин. Шу тариқа ном таратайлик. Акс ҳолда, биз бутун ер юзига тарқалиб кетамиз.”

[5] Одамлар қураётган шаҳарни ва минорани кўриш учун Эгамиз пастга тушди.

[6] Эгамиз деди: “Қаранглар, ҳаммаси битта халқ, ҳаммасининг тили бир! Бу ҳали улар қилмоқчи бўлган ишнинг бошланиши, холос. Ҳадемай, улар кўнглига келган ишни қилишга қодир бўладилар.

[7] Қани, пастга тушайлик–да, уларнинг тилини аралаштириб юборайлик, токи бирининг гапини иккинчиси тушунолмай қолсин.”

[8] Шундай қилиб, Эгамиз уларни ўша ердан бутун ер юзи бўйлаб тарқатиб юборди. Одамлар шаҳар қурилишини тўхтатдилар.

[9] Эгамиз ҳамма одамларнинг тилини ўша ерда чалкаштириб, уларнинг ўзларини бутун ер юзига тарқатиб юборгани учун шаҳарнинг номи Бобил бўлиб қолди.

[10] Сомнинг насл–насаби тарихи қуйидагичадир: Сом 100 ёшга кирганда, ўғли Арпахшодни кўрган эди. Арпахшод туғилганда, тўфон бўлиб ўтганига икки йил бўлган эди.

[11] Арпахшод туғилгандан кейин, Сом 500 йил яшаб, яна ўғил–қизлар кўрди.

[12] Арпахшод 35 ёшида ўғли Шилахни кўрган эди.

[13] Шилах туғилгандан кейин, Арпахшод 403 йил яшаб, яна ўғил–қизлар кўрди.

[14] Шилах 30 ёшида ўғли Ибирни кўрган эди.

[15] Ибир туғилгандан кейин, Шилах 403 йил яшаб, яна ўғил–қизлар кўрди.

[16] Ибир 34 ёшида ўғли Палахни кўрган эди.

[17] Палах туғилгандан кейин, Ибир 430 йил яшаб, яна ўғил–қизлар кўрди.

[18] Палах 30 ёшида ўғли Равуни кўрган эди.

[19] Раву туғилгандан кейин, Палах 209 йил яшаб, яна ўғил–қизлар кўрди.

[20] Раву 32 ёшида ўғли Саруғни кўрган эди.

[21] Саруғ туғилгандан кейин, Раву 207 йил яшаб, яна ўғил–қизлар кўрди.

[22] Саруғ 30 ёшида ўғли Нахўрни кўрган эди.

[23] Нахўр туғилгандан кейин, Саруғ 200 йил яшаб, яна ўғил–қизлар кўрди.

[24] Нахўр 29 ёшида ўғли Тераҳни кўрган эди.

[25] Тераҳ туғилгандан кейин, Нахўр 119 йил яшаб, яна ўғил–қизлар кўрди.

[26] Тераҳ 70 ёшдан ўтгандан кейин ўғиллари Ибром, Нахўр ва Харонни кўрган эди.

[27] Тераҳнинг насл–насаби тарихи қуйидагичадир: Тераҳдан Ибром, Нахўр ва Харон туғилдилар. Харондан Лут туғилди.

[28] Тераҳ ҳали ҳаёт экан, Харон ўзининг туғилган юртида — Халдейдаги Ур шаҳрида отасидан олдин оламдан ўтди.

[29] Ибром — Сорай деган қизга, Нахўр — Милхо деган қизга уйландилар. Милхо Хароннинг қизи эди. Милхонинг Исках деган синглиси ҳам бор эди.

[30] Сорай бепушт бўлиб, боласи йўқ эди.

[31] Тераҳ ўғли Ибромни, Хароннинг ўғли — набираси Лутни, Ибромнинг хотини — келини Сорайни эргаштириб, Халдейдаги Ур шаҳридан чиқиб, Канъон юртига қараб йўл олди. Улар Хорон шаҳрига келишгач, ўша ерда ўрнашдилар.

[32] Тераҳ 205 ёшида Хоронда оламдан ўтди.

Ибтидо (Тавротнинг биринчи китоби) — Chapters