[1] Исҳоқ қариди, кўзлари хиралашиб кўрмай қолди. Бир куни у ўғли Эсовни чақирди: — Ўғлим! — Лаббай, отажон! — деб жавоб берди Эсов.
[2] — Кўриб турибсан, мен қариб қолдим. Тўсатдан ўлиб қолишим мумкин.
[3] Энди ёйингни, ўқларингни олиб, далага чиқ, менга биронта ҳайвонни овлаб кел.
[4] Кейин мен яхши кўрадиган биронта мазали таом тайёрлаб келтир. Мен таомни еб, ўлимимдан олдин сени дуо қилайин.
[5] Исҳоқ ўғли Эсовга гапираётганда, Ривқо эшитиб турган эди. Эсов далага овга кетганда,
[6] Ривқо ўғли Ёқубга деди: — Аканг Эсовга отангнинг айтган гапларини эшитиб қолдим.
[7] Отанг унга: “Менга биронта ҳайвон овлаб кел, мен яхши кўрадиган биронта мазали таом тайёрлагин, таомни еб, ўлимимдан олдин Эгам олдида сени дуо қилайин”, деди.
[8] Энди менинг гапларимни яхшилаб эшит, айтганимни қил, ўғлим.
[9] Сурувга бориб, менга иккита улоқчани танлаб олиб кел. Улоқчалардан отанг яхши кўрадиган мазали таом тайёрлаб берай.
[10] Сен таомни отангнинг олдига олиб кириб, унга егизгин, токи отанг ўлимидан олдин сени дуо қилсин.
[11] — Онажон, ўзингиз биласиз–ку, акам Эсов сержун, менинг терим эса силлиқ, — деди Ёқуб Ривқога.
[12] — Мабодо, отам мени пайпаслаб ушлаб кўрса, нима бўлади? Алдаётганимни отам билиб қолади. Отам мени дуо қилиш ўрнига лаънатлайди.
[13] — Ўша лаънат менга келсин, болагинам, — деди Ривқо. — Энди айтганимни қил, бор, улоқчаларни олиб кел.
[14] Ёқуб онасининг буйруғига итоат этиб, иккита улоқчани олиб келди. Ривқо улоқчалардан Исҳоқ яхши кўрган мазали таом тайёрлади.
[15] Сўнг у Эсовнинг уйдаги яхши кийимларини олди–да, Ёқубга кийгизди.
[16] Улоқчаларнинг терисини Ёқубнинг қўлларига ва бўйнининг туксиз жойларига ўради.
[17] Ўзи тайёрлаган мазали таом билан нонни ўғли Ёқубнинг қўлига берди.
[18] Шундай қилиб, Ёқуб таом тўла лаганни отасининг олдига олиб кирди. — Ассалому алайкум, отажон! — Ва алайкум ассалом! Қайси бирингсан, ўғлим, Эсовмисан, Ёқубмисан?
[19] — Тўнғичингиз Эсовман, — деди Ёқуб отасига. — Айтганингизни қилдим, мана, овимдан сиз яхши кўрган таом тайёрладим. Туринг, еб, мени дуо қилинг.
[20] Исҳоқ ўғлига: — Дарров топиб келдингми, ўғлим? — деди. — Эгангиз Худо йўлимни ўнглади, — деб жавоб берди Ёқуб.
[21] Шундан кейин Исҳоқ Ёқубга деди: — Яқинроқ кел–чи, ўғлим, ушлаб кўрай–чи, ҳақиқатан ҳам ўғлим Эсовмисан ёки йўқми, билайин.
[22] Ёқуб отасига яқинроқ борди. Исҳоқ уни пайпаслаб: — Овоз — Ёқубнинг овози, қўллар эса Эсовнинг қўллари, — деди.
[23] Ёқубнинг қўллари Эсовнинг қўлларига ўхшаб сержун туюлгани учун Исҳоқ уни танимади. Шунинг учун Исҳоқ Ёқубни дуо қилишга чоғланди–ю, лекин яна сўради:
[24] — Сен ҳақиқатан ўғлим Эсовмисан? — Ҳа, Эсовман, — деб жавоб берди у.
[25] Шундан кейин Исҳоқ: — Энди таомни келтир, — деди. — Таомингдан еб, сени дуо қилайин. Ёқуб таомни отасига келтириб берди. Исҳоқ таомни еб бўлгач, Ёқуб унга шароб келтирди. Исҳоқ шаробни ҳам ичди.
[26] Сўнгра Исҳоқ унга: — Яқинроқ келиб, мени ўп, ўғлим, — деди.
[27] Ёқуб яқинлашиб, отасини ўпди. Исҳоқ унинг кийимларини ҳидлаб, шундай дуо қилди: “О, ўғлимнинг ёқимли ҳиди Эгам марҳамат қилган Даланинг ҳидига ўхшар.
[28] Худойим ёғдирсин сенга Осмон шабнамини, Берсин ернинг унумдор тупроғини, Мўл–кўл дон ва шаробни.
[29] Хизмат қилсин сенга халқлар, Таъзим қилсин сенга эл–улуслар. Ҳукмрон бўлгин қариндошларинг устидан, Таъзим қилсин онангнинг насли сенга. Сени лаънатлаган лаънати бўлсин, Сени дуо қилган барака топсин.”
[30] Исҳоқ Ёқубни дуо қилиб бўлиши биланоқ, Ёқуб отаси ҳузуридан энди чиққан ҳам эдики, акаси Эсов овдан қайтиб келиб қолди.
[31] У ҳам мазали таом тайёрлаб, отаси олдига олиб кирди. — Отажон, туринг, сизга олиб келган овимнинг гўштидан еб, мени дуо қилинг.
[32] — Сен кимсан? — сўради Исҳоқ ундан. — Тўнғич ўғлингиз Эсовман, — деб жавоб берди у.
[33] Исҳоқ ҳаяжондан титраб кетиб деди: — Овидан таом тайёрлаб, менга олиб келган ким эди? Сен келмасингдан олдин, мен гўштни эндигина еб бўлган эдим! Мен уни дуо қилдим, энди дуо олган удир!
[34] Эсов отасининг сўзларини эшитгач, ҳаддан ташқари қаттиқ, аччиқ нола қилди. — Мени ҳам дуо қилинг, отажон! — деб ёлворди у отасига.
[35] Лекин Исҳоқ: — Уканг олдимга кирибди, у мени алдабди, — деди. — Сенга аталган дуони уканг олди.
[36] — Унга Ёқуб деб исм қўйилгани бекорга эмас экан–да, — деди Эсов. — У мени икки марта алдади–я! Биринчи марта тўнғичлик ҳуқуқимни олган эди, энди эса менга аталган дуони ўғирлабди. Менга биронта ҳам дуо сақлаб қўймадингизми? — деб яна сўради у.
[37] — Мен Ёқубни сенинг устингдан ҳукмрон қилдим, — деди Исҳоқ Эсовга. — Унинг ҳамма қариндош–уруғларини ҳам ўзига хизматкор қилиб бердим. Дон билан шаробни ҳам унга бериб бўлдим. Сенга берадиган ҳеч нарса қолмади–ку, ўғлим!
[38] — Наҳотки менга биронта ҳам дуо қолдирмаган бўлсангиз?! — деб ўтинди Эсов. — Мени ҳам дуо қилинг, отажон! — деб дод солиб йиғлай бошлади.
[39] Исҳоқ ўғлига шундай жавоб берди: “Сенинг манзилинг ернинг унумдор тупроғидан нари бўлсин, Осмоннинг шабнамидан маҳрум бўлсин.
[40] Сен қиличнинг дамида яшагайсан, Укангга хизмат қилиб ўтгайсан. Исён кўтарганингда эса У солган бўйинтуруқни улоқтириб ташлагайсан.”
[41] Ёқуб Эсовнинг дуосини ўғирлагани учун, Эсов уни жуда ёмон кўриб қолди. Эсов ўзига ўзи: “Отамнинг куни битиб қолди, азаси ўтгандан кейин Ёқубни ўлдираман”, деди.
[42] Лекин кимдир Эсовнинг ниятини Ривқога етказди. Ривқо Ёқубни чақириб, унга: — Эсов сени ўлдирмоқчи бўлиб, ўзига таскин бериб юрибди экан, — деди.
[43] — Энди гапимга қулоқ сол. Ҳозироқ Хоронга — Лобон акамнинг олдига жўна.
[44] Аканг ғазабидан тушгунча, Лобон акамнинг ёнида юр.
[45] Эсов сенинг қилмишларингни унутиб, ғазабидан тушгандан кейин, орқангдан бирортасини жўнатаман, сени қайтариб олиб келади. Бўлмаса, бир кунда акангдан ҳам, сендан ҳам айрилиб қоламан.
[46] Шундан кейин Ривқо Исҳоққа деди: — Эсовнинг анави Хет хотинлари дастидан жонимдан тўйдим. Агар Ёқуб ҳам ўшаларга ўхшаган бирорта Хет қизига уйланса, унда ҳаётим нима кечади?